ЕВЕНКО Виктор Иванович

ЕВЕНКО Виктор Иванович (1925.2.3, Тошкент — 1986.19.8) — график рассом, Ўзбекистон халқ рассоми (1967). П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида таълим олган (1946—50). Рассомлик фаолиятини 2-жаҳон уруши фронтларида бошлади. Ўзбек халқининг тарихи («Бек келаяпти», 1954), меҳнати («Қарздорлиги учун», 1954; «Ҳосил» 1955)га бағишланган асарлари бор. 50-й. ларнинг охирларидан, асосан, графикада ижод қилди. Бир қатор бадиий асарларни безади (Р. Файзийнинг «Чўлга баҳор келди» қиссаси, А. Алматинскаянинг «Зулм», Ойбекнинг «Қутлуғ қон», Асқад Мухторнинг «Опа-сингиллар» романлари ва б.), долзарб мавзуларда плакатлар яратди («Тинчлик ва дўстлик», 1957; «Одамлар, тинчликни сақланг», «Пахта», 1966; «Нейтрон бомбасига йўл йўқ», 1979; «Оқ олтиннинг юксак сифати учун», 1981 ва б.), жамоат бинолари интерьерларини, кўргазма ва байрамларни безатишда самарали ишлади.