ЕВДОКС

ЕВДОКС Книдлик (Eudoxos Knidios) (тахм. мил. ав. 408—355 йиллар) — юнон математиги ва астрономи. Мил. ав. тахм. 380 й. Мисрга саёҳат қилиб, у ерда астрономия ва мат. бўйича маълумотлар тўплади. Она юрти Книд ш. да математиклар ва астрономлар мактабини ташкил қилди, расадхона қурди, сайёралар ҳаракатининг математик назариясини ишлаб чиқишга уринди. Нисбатлар назариясини ва унга асосланган олтин кесим қоидасини ҳамда қамраш усули деб аталган усулни яратди. Шу усул ёрдамида пирамида ҳажми у билан бир хил асос ва баландликка эга бўлган призма ҳажмининг учдан бирига тенг, деган теоремани исбот қилди. Евдокс асарлари бизгача етиб келмаган.