ЕВКЛИД ГЕОМЕТРИЯСИ

ЕВКЛИД ГЕОМЕТРИЯСИ — мил. ав. 3-а. да Евклид изчил асослаган геометрия. Параллеллик аксиомасига (тўғри чизиқда ётмаган нуқта орқали шу тўғри чизиқ билан кесишмайдиган фақат битта тўғри чизиқ ўтказиш мумкин, деган аксиомага) ҳамда мутлақ геометрия аксиомалари системалари деб аталувчи 5 гуруҳ (боғланиш, тартиб, ҳаракат, узлуксизлик, параллелликдан иборат) аксиомаларга асосланган. Евклид геометрияси аксиомалар системалари нуқта, тўғри чизиқ, текислик, ҳаракат ва нуқта, тўғри чизиқ ва текислик орасидаги муносабатларга суянади. Евклид геометрияси биринчи марта изчил равишда Евклид «Негизлари»да баён этилган. Евклид геометриясидан фаркли геометриями биринчи марта рус геометри Н. И. Лобачевский яратди. Евклид геометрияси ўрта мактабда ўқитилади ва «элементар геометрия» деб аталади.