ЕТИМТОҒ ҚАБРИСТОНЛАРИ

ЕТИМТОҒ ҚАБРИСТОНЛАРИ — Жиззах вилояти ҳудудидаги тоғ номи б-н аталган қад. қабристонлар (мил. ав. 1-минг йиллик). Етимтоғ яқинида жами 3 та қабристон бор: Етимтоғ I, II, III. Ҳар бир қабристон 5—10 та қабрқўрғондан иборат. Етимтоғ I 1970 й. Жиззах археология отряди томонидан ўрганилган. Ундаги 6 қабрқўрғондан биттаси қазилган. Унинг ичидан ёнма-ён иккита қабр қолдиғи топилди. Қабрқўрғоннинг шим.ғарбий девори орасидан мил. ав. 7-а. га оид уч қиррали жез пайкон (ўқ учи), деворнинг шим. қисмидан эса қўлда ясалган сопол идиш бўлаклари ва жез зебзийнат буюмлари топилди. Етимтоғ II, III қабристонларида қазиш ишлари олиб борилмаган.