ЕРҚАЛАМПИР, хрен (Armoracia) — карамдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик тури, сабзавот экини. Евросиёда 2 тури бор. Оддий Ерқалампир (А. rusticana) — Европа, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Ўрта Осиёда экилади (илдизида С витамини, эфир мойлари, фитонцидлар бор). Истеъмол учун йўғон этли илдизпояси (зиравор сифатида) ва барги ишлатилади. Тупи сербарг. Барги яшил, чўзиқ, тўп-тўп бўлиб ўсади. Илдизи тупроққа 80—100 см гача кириб боради, илдизпояси эса тупроқнинг 30 см гача бўлган қисмида жойлашади. Ерқалампир юқори ҳароратга чидамли, намга талабчан. Илдиз пояларидан тайёрланган қаламчалардан (уз. 15—20 см, йўғонлиги 1 — 1,5 см) кўпайтирилади. Кузда қаламчалар ертўла ёки иссиқхоналарда сақланади. Эрта баҳорда ёки авг. ойида далаларга қаторлаб ёки қўш қаторлаб экилади. 1 га майдонга 40—55 минг кўчат кетади. Кузда ўсув даври тугагач, илдизмевалари кавлаб олинади. 120—150 ц/га илдизпоя ва 350—400 ц/ га барг олинади. Ерқалампир илдизи ва баргида турли минерал тузлар, витаминлар ва аччиқ таъм берувчи синергии гликози-ди мавжуд. Ундан ошқозон касалликларини даволашда фойдаланилади. Ерқалампир ўзига хос ўткир ҳид ва хушбўй таъм беради. Озиқ-овқат саноатида, турли маҳсулотларни (помидор, бодринг ва б.) тузлашда ишлатилади. Валковский, Атлант, Суздаль навлари экилади. Ўзбекистонда шахсий томоркаларда, фермер хўжаликларида етиштирилади. Ўтлоқ Е. (A. sisymbrioides) — ёввойи ҳолда учрайди. Илдизи истеъмол қилинади.
Дилором Ёрматова.