ЕР КАДАСТРИ

ЕР КАДАСТРИ, давлат ер кадастри — ягона давлат кадастрлари тизимининг асосий таркибий қисми, ер ресурсининг табиий, хўжалик, ҳуқуқий режими, тоифалари, сифат хусусиятлари ва қиммати, ер участкалари ўрни, ўлчамлари, чегараси ва майдони, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ҳамда хужжатлар мажмуи.

Ер кадастри «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1998 й. 28 авг.) ва ушбу қонунга оид меъёрий ҳужжатлар, йўриқнома ва услубий кўрсатмалар асосида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатларини таъминлаш, ерлардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш учун кадастр маълумотларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга қаратилган давлат тадбирлар тизими ҳисобланади. Ер кадастрига доир ахборотларни бир тизимга солиниши уларни сақлаш, таҳлил қилиш ва янгилаб туриш ишларини ҳам ўз ичига олади. Ер кадастрини юритиш қуйидаги тамойилларга асосланилади: мамлакат ер фондинн тўла қамраб олиш, фазовий координаталарнинг ягона тизимини қўллаш, ахборотлар ишлаб чиқиш методининг бирлиги ва Ер кадастрига оид ах-боротларнинг тўғри бўлиши. Ер кадастрини юритиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади: аэрокосмик суратга олиш, топография — геодезия, харитаграфия, тупроқшунослик, агрокимё, геоботаника, гидрогеология га оид ва б. изланишлар ва тадқиқотларни ўтказиш, ерларни микдор ва сифат жиҳатдан ҳисобга олиш ва баҳолаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш; ерларни тақсимлаш, улардан фойдаланишни назорат қилувчи давлат хизмат органларини фаолиятини мувофиқлаштириш; ерларнинг ҳолати, мавжудлиги ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш; жорий (мавсумий) тадқиқотлар, суратга олиш, ер ўлчаш ишларини ҳамда ер мониторинги маълумотларидан фойдаланган ҳолда Ер кадастрига оид ахборотлар банкини яратиш ва уни тартибга солиб туриш.

Ер кадастри туманда (шаҳарда) қуйидагича амалга оширилади: ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ва ер участкаларига доир битимларни давлат рўйхатига олиш; Е. к. мақсадлари учун суратга олиш; ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларидан маълумотлар олиш, уларни тўғрилигини текшириш, Ер кадастрига оид ҳужжатларга жорий ўзгартиришлар киритиш. Ер кадастрини юритиш жараёнида ҳар йилнинг 1 январига ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисобот тузилади (яна қ. Ер баланси).

Ривожланган давлатларда ҳам Ер кадастри юритилади. Унинг маълумотларидан ер эгаларига солиқ солиш, ердан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тижорат ишларини тартибга солиш, ер бўйича битишув ва низоларни ҳал этиш, ерни гаровга қўйиш ва б. да фойдаланилади. Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига булган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ва ерларни миқдорий ва сифатини ҳисобга олиш Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан қабул қилинган низомлар ва меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Ер кадастрини юритиш ЎзР Ер ресурслари давлат қўмитасининг ер ресурслари бўйича туман хизматлари томонидан, шахар ва шаҳарчаларда эса ЎзР Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Геодезия, харитаграфия ва давлат кадастри бош бошқармасининг кўчмас мулк давлат кадастри туман ва шахар хизматлари томонидан амалга оширилади.

Қосимжон Раҳмонов.