ЕЛКАДА КУРАШ

ЕЛКАДА КУРАШ — миллий ёшлар ўйини. Ўзбек курашидан келиб чиққан. Ўйиннинг оддий курашдан фарқи — мусобақа фақат тепада, елка («иккинчи қават»)да бўлади. Курашни фақат елкадаги ўйинчилар олиб боради, пастдаги ўйинчининг вазифаси елкадаги одамнинг тиззаларидан маҳкам ушлаб унга кўмаклашишдан иборат. Курашда ким биринчи бўлиб рақибини тўшакка ёки ерга ағдариб туширса ўша ғолиб ҳисобланади. Агар иккала курашчи баравар ағдарилиб тушса, қайтадан курашиши лозим. Бу ўйин майсазорда ёки тўшаклар тўшалган спорт залида ўтказилиши мумкин. Рақиблар жамоаларга бўлиниб ҳам мусобақалашадилар. Елкада кураш «Алпомиш ўйинлари» фестивали мусобақаларига киритилган. Елкада кураш ўйини болалар ва ёшларнинг жисмоний ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.