ЯЗҒУЛОМ

ЯЗҒУЛОМ — Тожикистон Республикаси Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги дарё. Панж дарёсининг ўнг ирмоғи. Язғулом тизмасининг шим. ён бағрида жойлашган Язғулом ва Ванж тоғлари орасида тор ўзанда оқиб ўтиб Панж дарёсига қуйилади. Уз. 80 км, ҳавзасининг майд. 1970 км2. Юқори қисмида Ракзоу, ундан пастроқда (Обиракеру ирмоғининг қуйилиш жойига қадар) Мозордара деб аталади. Язғулом муз ва қор сувларидан тўйинади. Ўртача кўп йиллик сув сарфи (Мотрави қишлоғи ёнида) 37 м3/сек. Энг кўп суви (60,7%) ёзда оқиб ўтади, энг ками (7,7%) қишга тўғри келади. Тез оққанлиги туфайли қишда музламайди. Фақат, қиргоқлари қисман музлаб, шовуш (муз парчалари) оқиши мумкин. Язғуломга умумий уз. 190 км гача бўлган 80 га яқин ирмоқ қуйилади.