ЯСМИҚ

ЯСМИҚ, адас — дуккакдошлар оиласига мансуб бир йиллик донли ўтсимон ўсимлик туркуми, дон экини. Ўрта денгиз, Кичик Осиё, Закавказье ва Ўрта Осиёда 10 тури тарқалган. Ясмиқнинг оддий хўраки турининг йирик уруғли ва майда уруғли навлари қадимдан Европа мамлакатларида, Шим. Африка, Колумбия, Чили, Россия ва бошқалар мамлакатларда экиб келинади (Ўзбекистонда 20-асрнинг 50-й. ларига қадар кўп экилган). Ясмиқнинг илдизи ўқилдиз, бўйи 60— 70 см. Барги мураккаб, жуфт патсимон, учида жингалаклари бор. Гуллари майда, пушти, бинафша, кўк, кўпинча оқ, барг қўлтиқларига 2—4 тадан жойлашган, ўзидан чангланади. Меваси дуккак, уруғи юмалоқ, сариқ, пушти, яшил, жигарранг. 1000 уруғи вазни 20—65 г. Уруғи таркибида 2 3 3 2 % оқсил (оқсил миқдорига кўрадуккакли экинлар ўртасида саядан кейинги ўринда туради), 0,6—2,1% ёғ, 47—70% крахмал, 2,3—4,4% кул, 2,44,9% клетчатка, шунингдек, Вр В2 витаминлари бор. Йирик уруғли Ясмиқ донидан таомлар тайёрланади (тез ва эзилиб пишади), ун ва ёрма ишлаб чиқарилади, уни колбасаларга қўшилади, майда уруғли Ясмиқ дони, умуман кўк массаси, тўпони чорва моллари учун қимматли озуқа ҳисобланади. Ясмиқ баҳори, иссиқсевар, намсевар, қисқа кун ва узун кун ўсимлиги. Уруғи 4—5° (8—10 кун)да униб чиқади. Навига қараб ўсув даври 80—120 кун. Қисқа муддатли қорасовуқлар (—8°)га чидамли. Эрта баҳорда кенг қаторлаб экилади. Ҳосили поянинг ўрта ва пастки қисмидаги дуккаклар сарғайганда ўрилади. Ҳосилдорлиги 20—22 ц/га (баъзан 30—35 ц/га).