ЯРАШЕВ

ЯРАШЕВ Саттор (1915.26.2, Вобкент тумани — 1991.13.2, Тошкент) — хонанда (лирикдраматик тенор), созанда (танбур), Ўзбекистон халқ артисти (1959). Тўла, ниҳоятда кучли, чиройли ва таъсирчан овоз соҳиби. Ижрочилик услуби опера хонандалиги ҳамда миллий ашулачилик анъаналарининг уйғунлашувига асосланган. Москвадаги Ўзбек опера студияси (1952), Тошкент консерваторияси (1972) ни тугатган. Ашулачилик ва танбур ижрочилигини Э. Курбоновдан, кейинчалик мумтоз ашула йўлларини Ю. Ражабий, О. Нуриддиновлардан ўрганган. Вобкент туман кз—сз театри артисти (1934 йилдан) ва директори (1938—40), Бухоро театри (1940—43), Янгийўл театри (1943— 44), «Тошсовет» номли театр (1944—47) артисти. Бу даврда ўзбек мусиқали драмаларида Тоҳир («Тоҳир ва Зуҳра»; Т. Жалилов), Му қанна («Муқанна»; Ю. Ражабий ва Г. Мушель), Фарҳод («Фарҳод ва Ширин»; Ю. Ражабий ва Б. Надеждин) ва бошқалар образларни яратган. 1952 — 70 йилларда Навоий театрида яккахон хонанда бўлган, 1967 йилдан Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида дарс берган. Унинг истеъдоди, айниқса, Қайс («Лайли ва Мажнун», Т. Содиқов, Р. Глиэр), Чўпонали («Майсаранинг иши», С. Юдаков), Моний, Фурқат («Дилором», «Шоир қалби», М. Ашрафий), Йўлчи («Зулматдан зиё», Р. Ҳамроев), Равшан («Кўр ўғли», У. Ҳожибеков) ва бошқалар партияларда намоён бўлган. Концерт репертуаридан мақом йўллари ва мумтоз ашулалар («Ушшоқ», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Феруз», «Мискин»), бастакорлар асарлари («Қонга ботсин», Ж. Султонов ва бошқалар), ўзбек композиторлари асарлари («Жон Ўзбекистон», С. Юдаков; «Ватан», М. Бурҳонов; «Пахтакорларга», Д. Зокиров) ўрин олган. Ярашев ижодига бағишланган видеофильм ва телефильм (1989) суратга олинган.