ЯПОН ЁЗУВИ

ЯПОН ЁЗУВИ — сўзбўғинли (идеографиксиллабик) аралаш ёзув; бунда иероглифлар ва бўғинли белгилар қўшилиб кетади. Япон тилидаги матнларни ёзишда қўлланади. Ҳозирги Япон ёзуви тизимида, асосан, 2 турли белгилар: сўзбелгилар — иероглифлар (японча «кандзи» — хитой ёзуви) ва бўғинли белгилар («кана»лар) қўлланади. Бугунги кунда бу тизимга яна фонемавий белгилар — лотин алифбоси (японча «ромадзи» — рим ёзуви) ҳам кириб келмоқда. Япон ёзуви вертикал устун шаклида бўлиб, белгилар юқоридан қуйига томон, устунлар эса ўнгдан чапга қараб жойлашади. Кейинги пайтларда унинг горизонтал ҳолатда чапдан ўнгга қараб ёзиладиган шакли ҳам қўлланмоқда.

Хитойликларнинг иероглифик ёзуви Японияга мил. 4—5-асрларда кириб кела бошлаган ва ўша давр зиёлилари учун ўрганиш мажбурий ҳисобланган. Хитой ва япон тиллари услубий тузилиш жиҳатидан жиддий фарқ қилганлигидан иероглифик матнларни ўқиш анча қийин бўлган. Шундай бўлса ҳам, японларнинг дастлабки ёзма ёдгорлиги — «Кодзики» (афсона ва ривоятлар тўплами, 712й.) хитой иероглифлари ва хитой тили грамматикаси асосида ёзилган. Кейинчалик иероглифлар билан бир қаторда уларнинг хитойча ўқилиши («он») ҳам муайян фонетик ўзгаришларга учраган ҳолда ўзлаштирилади; айни пайтда иероглифларнинг маъно жиҳатдан мос келадиган японча ўқилиш шакли («кун») ҳам пайдо бўлади. Япониянинг ўзида ижод қилинган иероглифларнинг барчаси фақат «кун» усулида, японча ўқилади.

Иероглифларнинг фонетик қўлланиши миллий ёзувнинг пайдо бўлишига имкон яратади. 8-асрда яратилган «Маньёсю» номли асарда баъзи иероглифлар бўғинли белги сифатида ишлатилган. Иероглифлар график кўринишининг ўзгариши эса 9-асрда кананинг хилмахил кўринишлари вужудга келишига сабаб бўлган. 10-асрда эса улардан фақат ката кана вахирагана кенг қўлланабошлайди. Ҳар иккала алифбодаги белгилар шаклан фарқ қилсада, маъновий (фонетик) жиҳатдан тенгдир. Катакана босма иероглифларнинг қисқарган шакли сифатида келиб чиққан ва, асосан, янги ўзлашма сўзларни ёзиш учун қўлланади, хирагана эса иероглифларнинг тўлиқ (қўл) ёзма шакли бўлиб, асл японча сўзларни, ёрдамчи сўзлар ва қўшимчаларни ёзиш учун қўлланади. Кана ёзувида асосий белгилар 48 та, кананинг ҳар икки тури ҳисобга олинса, уларнинг умумий сони 96 та бўлади. Буларга 30 дан ортиқ ҳосила, қўшимча белги 2 га кўпайтириб қўшилса, канадаги белгиларнинг умумий сони 170 тага етиши мумкин.

Иероглифлар ҳамда хирагана ва катакананинг, қисман лотин ҳарфларининг аралаш қўлланиши (жадвалда берилган, 2 устундан иборат японча матнда иероглифлар, хирагана, катакана ва лотин графикаси аралаш қўлланган. Бунда дастлаб ҳарфбелгилар, унинг ўнг томонида уларнинг ўқилиши, белгининг қайси турга мансублиги кўрсатилган), иероглифларнинг 2 турли («он» ва «кун») ўқилиши Япон ёзувини ниҳоятда мураккаблаштиргани сабабли 1946 йил кана ёзуви имлоси ислоҳ қилинади; шу билан бирга, фақат 1850 иероглифни ишлатиш расман тавсия этилади (ҳозир бу миқдор 1947 тани ташкил этади). Лекин амалда қўлланаётган иероглифлар сони тавсия этилганларидан кўра кўпроқдир. Японияда ёзувни соддалаштириш устида олиб борилаётган ишлар ҳануз давом этмоқда. Лекин ҳозирча хитой иероглифларидан воз кечиш ёки Япон ёзувини лотин графикасига кўчириш йўлида қилинаётган ҳаракатлар муваффақиятсиз бўлмоқда. Бунинг сабабларидан бири — асрлар мобайнида яратилган ёзма ёдгорликлар, яъни бой маданий меросни келгуси авлодларга айнан, бузилмаган ҳолда етказиб бериш истагидир.

Ад. Фридрих И., История письма, М., 1979; Маевский Б. В., Графическая стилистика японского язмка, М., 2000.

Исматулла Бекмуротов.