ЯНШАО МАДАНИЯТИ

ЯНШАО МАДАНИЯТИ — Шим. Хитойдаги археологик маданият (мил. ав. 4—3-минг йиллик). Хэнань, Шаньси, Шэньси вилоятлари, шунингдек, Хуанхэ дарёсининг ўрта оқими бўйларида тарқалган. 1921 йил швед археологи Ю. Г. Андерсон томонидан Яншао қишлоғи (Хэнань)дан чиққан топилмаларга кўра, шундай аталган. Яншао манзилгохлари дарё террасаларида жойлашган; марказда — жамоа биноси, атрофида — квадрат ва думалоқ шаклда девори бўлган, лой билан сувалган ярим ертўлалар жойлашиб, уларнинг усти конуссимон том билан ёпилган, болалар уйлар олдидаги катта идишларга, катталар қишлоқ ёнидаги қабристонга дафн этилган. Манзилгоҳ атрофида кулолчилик хумдонлари бўлган. Яншао маданияти тарқалган Ганьсу вилоятидан нефрит (қош тоши) парчалари қазиб олинган. Ичи ва ташқи томони рангли бўяма нақшли сопол идишлар, тош қуроллар (пичоқ, болта, ёрғучоқ, урчуқ, пайкон) топилган. Хўжаликнинг асосини — мотига билан ер ҳайдаб деҳқончилик қилиш ташкил этган. Уй ҳайвонларидан чўчқа, ит боқилган, овчилик, балиқ овлаш, термачилик муҳим роль ўйнаган. Яншао маданиятини жез даврининг Луньшань маданияти эгаллаган.

Хитой манбаларига кўра, Яншао маданияти топилган масканларда мил. ав. 3—2-минг йилликда дирунглар (турк жангчилари) яшаган.