ЯНГИЙЎЛ ЁҒМОЙ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«ЯНГИЙЎЛ ЁҒМОЙ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — озиқовқат саноатининг йирик корхонаси. «Ёғмойтамакисаноат» уюшмаси таркибида. Рафинацияланган пахта мойи, дистилланган ёғ кислоталар, хўжалик совуни, чорвачилик учун озуқа бўлган шрот ва шулха ишлаб чиқаради. Дастлаб 1916 йилда Қовунчи қишлоғида «Беш бош» акциядорлик компанияси ёғсовунгарлик з-дини қура бошлади. 1917 йилда Октябрь тўнтаришидан кейин чала қурилган зд давлат ихтиёрига олинди ва «Главхлопкопром» томонидан 1919—22 йилларда 8 та пресси бўлган ва қуввати 25 т/сутка чигитни қайта ишлайдиган корхона (4ёғ з-ди) қурилиши ва монтажи якунланди. 1922 йил 10 июнда ишга туширилди. 1930 ва 1937 йилларда корхона реконструкция қилинди, қўшимча 4 та ёғ пресси ўрнатилди. 1956 й. да корхона собиқ қанд з-ди (1950 й. гача ишланган) ҳудудига кўчирилди, 1960 йилда ёғ-мой комбинатига айлантирилди, 14 та шнек пресс ўрнатилди, 2 та экстракция линияси ишлай бошлади, чигитни қайта ишлаш бўйича қуввати суткасига 500 т га, совун цехининг суткалик ишлаб чиқариш қуввати 42 т га етказилди.

1980 йилга келиб комбинатда суткасига 800 т чигитни қайта ишлаш қувватига эришилди, экстракция цехидаги шнек буғлаткичлар ўрнига тостерлар ўрнатилади, мисцеллани фильтрлаш учун дискли фильтрлар ўрнатилди. 1994 йилда корхона очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. 1999 йилда пахта мойини 1 ва 5 литрли полиэтилен идишларга қадоқлайдиган бўлим, 2000 йилда шротни қадоқлаш бўлими, 2002 йилда ишлаб чиқариш қуввати суткасига 50 т бўлган дезодорация бўлими ишга туширилди. 2004 йилда 250 г ли 60% ли хўжалик совунини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2003 йилда корхонага хориж инвестицияси жалб этилди. Корхонадаги барча бўлимлар замонавий компьютерлар билан жиҳозланган.

2004 йилда корхонада 8,9 минг т пахта ёғи, 14,8 минг т хўжалик совуни, 27,9 минг т шрот, 21,8 минг т шулха маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилди. Маҳсулотлари ички бозорда сотилади, қўшни мамлакатларга экспорт қилинади.