ЯНГИЙЎЛ ТУМАНИ

ЯНГИЙЎЛ ТУМАНИ — Тошкент вилоятидаги туман. Вилоятнинг жан. ғарбида. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Ғарб ва шим. ғарбда Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти, шим. ва шим. шарқда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, жан. шарқца вилоятнинг Қуйи Чирчиқ, жан. ғарбда Чиноз туманлари билан чегарадош. Майд. 0,42 минг км2. Аҳолиси 157,7 минг киши (2004). Туманда 2 шаҳарча (Гулбаҳор ва Бўзсув), 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Абдулла Ортиқов, Навбаҳор, Ниёзбоши, Убай Мусаев, Халқобод, Шўралисой, Эски Қовунчи, Қўшёғоч) бор. Туман маркази — Гулбаҳор шаҳарчаси.

Табиати. Туман ҳудуди, асосан, текисликдан иборат бўлиб, адирлар учрайди. Ер юзасида Чирчиқнинг 5 та террасаси (кўҳна қайир) ажралиб туради. Тупроклари бўз, ўтлоқи тупроқлар. Иқлими континентал. Йиллик ўртача т-ра 12,5° — 13°. Июлнинг ўртача т-раси 26°, янв. ники —1°, —2». Вегетация даври 210 кун. Йилига 280 — 282 мм ёғин тушади. Туман ҳудудидан Чирчиқ дарёси, Куркулдак, Жўн, Бўзсув, Шим. Тошкент каналлари ва ариқлар оқиб ўтади. Ёввойи ўсимликлардан қамиш, ғумай, янтоқ, шўра, печак, ажриқ, какра ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан чиябўри, тулки, қуён, жайра, бўрсиқ, паррандалардан ёввойи ўрдак ва бошқалар учрайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, рус, қозоқ, татар ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 375, 5 киши. Қишлоқ аҳолиси 140,8 минг киши, шаҳар аҳолиси 16,9 минг киши (2004). Хўжалиги. Туманда Янгийўл ёғмой кти, «Янгийўл биокимё» акциядорлик жамияти, консерва, экспериментал таъмирлашмеханика, ғишт, асфальтбетон, «Марелли» хусусий вино з-ди, Янгийўл вино заводи, Қуйи Бўзсув ГЭС, МТП, «Осиёэкспресс» и. ч. корхонаси, балиқ урчитиш хўжалиги, бройлер паррандачилик, инкубаторияпаррандачилик фкалари бор. Қ. х. да пахтачилик, чорвачилик, боғдорчилик, ғаллачилик, сабзавотчилик, пиллачилик билан шуғулланилади. Суғориладиган майдонларга пахта, ғалла, сабзавотполиз экинлари экилади. Боғ ва токзорлар бор. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади. Ширкат, фермер хўжаликлари, аграр бирлашмаси, чўчқачилик хўжалиги ва бошқа қ. х. корхоналари мавжуд. Умумий таълим, болалар мусиқа, спорт мактаблари, касбҳунар мактаби, касб-ҳунар коллежлари фаолият кўрсатади. Туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоқлари, маданият саройи, клуб муассасалари бор. Стадион, спорт заллари, отиш тирлари, 3 теннис корти, футбол, мини футбол майдонлари ва бошқа спорт иншоотлари мавжуд. Туман марказий касалхонаси, тез тиббий ёрдам маркази, поликлиника, туғруқхона, қишлоқ врачлик пунктлари, фельдшеракушерлик пунктлари ва бошқалар тиббий муассасалар аҳолига хизмат кўрсатади. Нов қишлоғида дам олиш уйи жойлашган, шунингдек, кардиология касалликлари санаторийси бор. Туман ҳудудидан Катта Узбекистон тракти, Тошкент темир йўли ўтади. Янгийўл туманида Қўштепа, Қоратепа, Йўғонтепа, Ниёзбоштепа, Шаматепа, 1,2,3 Бўзсув тепалари археологик объектлар ҳисобланади. 1930 йилдан «Янгийўл» туман газ. нашр этилади (адади 2738).