ЯНГИАРИҚСОЙ РАСМЛАРИ

ЯНГИАРИҚСОЙ РАСМЛАРИ — Сўх дарёсининг ирмоқларидан бўлган Янгиариқсой қоятошларига ишланган тасвирлар; Фарғона вилояти Сўх тумани ҳудудида. 1979—81 йилларда археолог М. Хўжаназаров томонидан илмий ўрганилган. 1100 дан ортиқрасмлар алоҳида ва гуруҳ ҳолида тош ёки металл билан урибчўкичлаб, кўланка, оддий чизиқлар, схематик услубда шшганган. Янгиариқсой расмларининг энг қадимийлари мил. ав. 2—1минг йилликларга мансуб, шунингдек, мил. 1-минг йилликка ва ўрта асрларга оидлари ҳам бор: одам, буқа, от, туя, бўри, ит, тулки, архар, эчки, кийик ва бошқаларнинг расмлари; шунингдек, от ва туя минган чавандозлар, камондан ўқ узаётган мерганлар, қўлларида узун ёғоч ушлаб отда кетаётган одамлар, буқа ёнида турган омоч ва бошқалар нарсаларнинг тасвирлари ҳам мавжуд. Кишиларнинг кундалик ҳаётидан олинган лавҳалар кўп учрайди. Расмлар жуда жонли ва аниқ ишланган. Янгиариқсой расмлари орасидаги одам, буқа ва омочнинг тасвири Ўзбекистон ҳудудидаги қоятош расмлари таркибида ягонадир, у Фарғона водийсида қадимдан овчилик ва чорвачилик билан деҳқончилик ҳам ривожланганлигини кўрсатади. Янгиариқсой расмлари археологик ёдгорлик ва тарихий манба сифатида муҳим илмий аҳамиятга эга.