ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР

ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР — тўсатдан портлайдиган, портлаши чақнаб кетиш ва қобиғини ташлаш билан юз берадиган ҳамда ушбу қобиғи жуда катта тезлик (кўпинча бир неча 100 км/сек дан то 1000 км/сек гача) билан кенгаядиган юлдузлар. Айрим ҳолларда қобиқнинг кенгайиши ундан ҳам катта тезликда содир бўлади. Мас, Бургут туркумидаги янги юлдуз 1918 йилда чақнаб, қобиғи 1700 км/сек тезлик билан кенгайиши аникланган. Кейинчалик (1922, 1926 ва 1931 йилларда) олинган фотосуратларда газ қобиғи ҳам кенгайиб бораётгани кузатилган. Ўша ва бошқа фотосуратлар билан олиб борилган ўлчашлар шуни кўрсатадики, қобиқнинг радиуси тахм. йилига 1» катталашиб борган. Ушбу янги юлдузгача бўлган масофа 1200 ёруғлик йилига тенг чиққан. Портлагунга қадар унинг равшанлиги тахм. +5 бўлса, портлагандан кейин унинг равшанлиги максимумга (—8т га) етган.

Янги юлдузларда максимум равшанлик (ёрқинлик) ка эришиш тўсатдан (атиги бир неча ўн соатда) юз берса, максимумдан кейинги пасайиш жуда секин (бир неча ой, йил ва ҳатто ўн йилларда) рўй бериб, ўз ҳолига узоқ муддатда қайтади. Янги юлдузлар «секин» ва «тез» ўз ҳолига қайтувчи турларга бўлинади. Мас, юқоридаги Бургутнинг янгиси «тез» янги юлдуз, 1934 йилда портлаган Геркулеснинг янгиси эса «секин» ривожланувчи янги юлдуз ҳисобланади.

Кўпчилик Янги юлдузлар биздан жуда узоқда жойлашган. Уларнинг мутлақ катталиклари Қуёшникига тенг бўлса ҳам кўриниш даражалари 10—15 марта кучсиз ҳисобланади. Портлаганидан сўнг янги юлдуз аста-секин ўзининг дастлабки ҳолатига албатта қайтади. Бизнинг Галактикамизда кузатиладиган Янги юлдузлар пайдо бўлиши ҳодисаси ва оддий чақнаши йилига 20—30 тани ташкил қилади. Аслида эса Галактикамизда йилига юздан ортиқ Янги юлдузлар ҳодисаси содир бўлади. Янги юлдузлар қайта чақнаб яна «янги» жараён рўй бериши мумкин.

Мас, Шим. тожнинг Т си (1866, 1966 йилларда чақнаган), Компаснинг Т си (ҳар 20 йилда чақнаб туради) қайта Янги юлдузлар ҳисобланади. Барча юддузлар портлашлари ичида энг самаралиси ўта Янги юлдузларнинг портлаши ҳисобланади. Агар нормал янги юлдуз портлаганда ўз равшанлигини тахм. 500 000 марта оширса , ўта янги юлдузнинг равшанлиги (чақнаши) 100 000 000 марта ошади. Унинг максимумдаги мутлақ қиймати камида — 16т,5 га тенг. Ҳисоблашлар ва кузатувларга кўра, Галактикада ўта янги юлдуз тахм. 400 йилда бир марта пайдо бўлади. Янги ва ўта Янги юлдузлар ҳодисалари бошқа галактикаларда яхши кузатилади.

Салоҳиддин Нуритдинов.