ЯНГИ ВЕНА МАКТАБИ

ЯНГИ ВЕНА МАКТАБИ, Иккинчи Вена мактаби — А. Шёнберг ва унинг шогирдлари А. Берг, А. Веберн, Э. Веллес, Х. Эйслер ва бошқаларнинг ҳамкорлиги натижасида Венада қарор топган ижодий йўналиш, мусиқий модернизм кўринишларидан бири. 20-асрнинг 1-ярмида Ғарбий Европада юз берган ижтимоий ва маданий инқироз (1 ва 2-жаҳон урушлари, фашизм, маънавиймаданий қийматларнинг қадрсизланиши ва бошқалар) Янги Вена Мактаби композиторлари ижодида ўз аксини топиб, асарларида «кичик одам»нинг фожиаси, инсонга ачиниш ҳисси, фашизмга қарши норозилик каби бадиий мавзу ва образлар, мусиқий экспрессионизм тамойиллари орқали намоён бўлди. Бадиий янгиланиш, ўз навбатида, Янги Вена Мактаби вакиллари ижодидаги мусиқий услуб, ифода воситаларининг тубдан ўзгаришига, атоналлик, додекафонш каби мусиқа тизимларининг қарор топишига олиб келди. 20-асрнинг қатор (И. Стравинский, Д. Шостакович, Қ. Қораев ва бошқалар) йирик композиторлари мазкур мактаб анъаналаридан фойдаланган.