ЯНГИ ЖАНУБИЙ УЭЛЬС

ЯНГИ ЖАНУБИЙ УЭЛЬС — Австралия Иттифоқининг жан. шарқий қисмидаги штат. Майд. 800,6 минг км2. Аҳолиси 6,5 млн. киши (2000). Маъмурий маркази — Сидней шаҳри Мамлакат пойтахти Канберра шаҳри ҳам штат ҳудудида. Ер юзаси, асосан, текислик. Йирик дарёлари: Муррей ва унинг ирмоқдари. Шарқида Катта сувайирғич тизма ва камбар денгиз бўйи пасттекислиги бор. Иқлими континентал ва қуруқ иқлим. Йиллик ёғин 1200 — 1500 мм, текисликларда 250 мм гача. Ўртача ойлик тралар 10—12° дан 22—26° гача. Соҳил ва тоғ ён бағирларида эвкалипт ўрмонлари бор, қолган қисми саванналардан иборат. Янги Жанубий Уэльс мамлакатнинг аҳолиси энг кўп ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган штати. Тошкўмир, рух, қўрғошин, кумушнинг йирик конлари бор, шунингдек, рутил концентрати олинади. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик, кимё, кемасозлик саноатлари ривожланган. Экин майдонининг катта қисмига буғдой экилади. Шунингдек, арпа, сули, маккажўхори, шакарқамиш ва пахта етиштирилади. Боғдорчилик ва сабзавотчилик ривожланган. Чорвачилик сут ва гўшт етиштиришга ихтисослашган. Сидней, Ньюкасл, ПортКембла каби йирик портлари бор. Муррей дарёсида кема қатнайди.