ЯНГИ ИНДУСТРИАЛ МАМЛАКАТЛАР

ЯНГИ ИНДУСТРИАЛ МАМЛАКАТЛАР — 20-асрнинг сўнгги ўн йилликларида иқтисодий тараққиётда кескин ўзгаришларга эришган ривожланаётган мамлакатлар гуруҳи. Бу мамлакатлар кўпгина кўрсаткичлар бўйича жаҳондаги ўрта ва ҳатто юқори ривожланган мамлакатларга яқинлашди.

Янги индустриал мамлакатларда саноат ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг миллий даромаддаги ҳиссаси ўсди, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми кўпайди. Янги қатлам — тадбиркорлар синфи мавқеи мустаҳкамланди. Янги индустриал мамлакатларга Лотин Америкасининг ривожланган мамлакатлари — Аргентина, Бразилия, Мексика ва Жанубий Шарқий Осиёда «Осиё йўлбарслари» номини олган бир қатор мамлакатлар ва ҳудудлар — Сингапур, Тайвань, Корея Республикаси, Хитой таркибидаги Сянган киради. Булардан бир қадар кейинроқ 2авлод Янги индустриал мамлакатлар деб ном олган мамлакатлар ҳам пайдо бўлди. Бу мамалакатларда аҳолининг катта қисми ҳамон қ. х. да банд бўлишига қарамай, саноат ишлаб чиқариш ҳажми ва саноат маҳсулотлари экспорти тез ўсмоқда, миллий капитал вакилларининг мавқеи мустаҳкамланмоқда. Буларга Лотин Америкасида Венесуэла, Колумбия, Перу, Уругвай, Чили, Жанубий Шарқий Осиёда Малайзия, Филиппин, Таиланд, Индонезия киради.

Янги индустриал мамлакатлар саноатида энг замонавий технологиялар қўлланилади ва жаҳон бозорида рақобатбардош юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг тажрибаси ривожланаётган мамлакатлар ўз тараққиётида фақат ўзларида сероб, ҳатто ортиқча бўлган табиий ва меҳнат ресурслари билан бирга техник жиҳатдан мураккаб ишлаб чиқаришга таянишлари ва бу тармоқларда қиёсий афзалликларга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Янги индустриал мамлакатларнинг саноат ривожида чет эл капитали фаол роль ўйнайди. Мас, Сингапурда 1980-й. лар охирида ишлов берувчи саноат маҳсулоти экспортининг 90% га яқини, Корея Республикасида 27% чет эл трансмиллий компаниялари (ТМК) филиаллари ҳиссасига тўғри келган. ТМК бу мамлакатларда маҳаллий арзон ишчи кучидан фойдаланган ҳолда янги, баъзан энг янги саноат корхоналарини қуришда иштирок этади. Айрим деталлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган тор ихтисослашган корхоналар қуради, маҳсулотни пировард йиғиш ривожланган мамлакатларнинг ўзида амалга оширилади.

Мас, электроника саноати соҳасидаги АҚШ ва Япония ТМК Мексика, Сингапур, Тайвань ва Малайзияда яримўтказгичли приборлар ва интеграл схемалар чиқарадиган бир қатор корхоналарни ташкил этди. Айрим ТМК мураккаб технологияни соддалаштириб, ишлаб чиқариш жараёнини алоҳида қисмларга ажратиб, ривожланаётган мамлакатларда тегишли корхоналарни қурди. Натижада бу мамлакатлардан ишлов берувчи саноат маҳсулотлари экспортининг катта қисми ТМК ички фирма савдосидан иборат бўлиб қолди.

Жанубий Шарқий Осиёдаги Янги индустриал мамлакатларнинг экспорт йўналишидаги ривожланиши, экспорт тузилмаси тамомила ўзгарди. Унда хом ашё ва озиқ-овқат ҳиссаси кескин камайиб, саноат экспортида тўқимачилик маҳсулотлари салмоғи пасайди, машина ва ускуналар ҳиссаси жуда ўсиб борди. Мас, 1970 йилдан 1995 йилга қадар Сингапур экспортида хом ашё ва озиқ-овқат ҳиссаси (%ларда) 72,5 дан 16,1 га га, Корея Республикасида 23,5 дан 6,7 гача, Тайванда 24,3 дан 7,3 гача, тўқимачилик товарлари ҳиссаси эса тегишлича 5,6 дан 2,6 гача, 41,1 дан 15 гача, 29,0 дан 14,4 гача қисқарди, машина ва ускуналар ҳиссаси эса Сингапурда шу даврда (% ларда) 11,0 дан 62,3 га, Корея Республикасида 7,2 дан 51,6 гача, Тайвань 16,7 дан 47,7 гача ўсди. 2авлод Янги индустриал мамлакатларда ҳам худди шундай ўзгаришлар бормоқда. Малайзияда хом ашё ва озиқовқат экспорти ҳиссаси шу даврда 93,5% дан 26,9% га қисқарган бўлса, машина ва ускуналар ҳиссаси 1,6% дан 50% га ўсди. Таиландда хом ашё ва озиқ-овқат экспорт ҳиссаси 95,3% дан 26,3% пасайиб, машина ва ускуналар ҳиссаси 0,1% дан 31,5% га кўтарилди. Шундай қилиб, бу мамлакатларнинг кўпчилиги машина ва ускуналар экспорти бўйича жаҳондаги саноати ривожланган мамлакатлар даражасига кўтарилди. 20-аср охирларига келиб жами ривожланаётган мамлакатлар саноат экспортининг деярли 70%, машина ва ускуналар экспортининг 70% дан кўпроғи Жанубий Шарқий Осиёдаги 1 ва 2 авлод Я. и. м. (Сянган, Сингапур, Корея Республикаси, Тайвань, Индонезия, Малайзия ва Таиланд), шунингдек, Хитой ҳиссасига тўғри келди.

2002 йилга келиб аҳоли жон бошига ялпи миллий маҳсулот ишлаб чиқариш Корея Республикасида 16480, Сингапурда 23090, Малайзияда 8280 АҚШ долларини ташкил этди. Янги индустриал мамлакатларда аҳоли жон бошига тиббий, таълим, коммунал хизматлари истеъмол бўйича ҳам жиддий ютуқларга эришилган.

Янги индустриал мамлакатларнинг пайдо бўлиши ҳозирги жаҳон хўжалигида ва халқаро меҳнат тақсимотида катта ўзгаришлар юз берганлигини, ривожланаётнан мамлакатлар ўртасида табақаланиш кучайиб бораётганлигини кўрсатади, чунки Янги индустриал мамлакатлар даги тараққиёт кам ривожланган мамлакатларнинг катта гуруҳидаги қолоқликни бартараф эта олмади.

Иқтисодий ва саноат ривожининг ҳоз. даражасига кўра, Янги индустриал мамлакатлардан энг ривожланганлари — Корея Республикаси, Аргентина, Мексика, Сингапур саноати ривожланган мамлакатларга деярли яқинлашди ва Испания, Португалия, Греция каби Европа давлатлари билан бир даражада туради. Мексика ва Корея Республикасининг ривожланган мамлакатларнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕСД) аъзолигига қабул қилинганлиги ҳам бунинг исботи бўла олади.

Қодиржон Юсупов.