ЯНГИ ЧИНОЗ

ЯНГИ ЧИНОЗ — Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги шаҳарча (1992 йилдан). Т. й. станцияси (Чиноз). Вилоятнинг ғарбий қисмида, Тошкент — Нукус автомагистралида, туман маркази (Чиноз шаҳри) дан 7 км нарида. Сирдарё ва Чирчиқ дарёлари ёнида. Аҳолиси 3,7 минг киши (2005). Шаҳарчада 7 корхона, шунингдек, деҳқон бозори, 20 дан ортиқ савдо шохобчаси, тижорат банки фаолият кўрсатади. Саноатининг асосий тармоғи — ун тегирмони ва қумшағал карьерлари. Умумий таълим мактаби, кутубхона, амбулатория бор. Я. Ч. ёнида дарё бўйларида 30 дан ортиқ дам олиш маскани жойлашган.