ЯНАЧЕК

ЯНАЧЕК Леош (1854.3.7, Моравия, Гуквальди — 1928.12.8, Острава) — чех композитори, фольклоршунос, дирижёр, мусиқа жамоат арбоби, педагог. Чехия ФАакад. (1912). 20-аср мусиқа (опера) санъатининг йирик намояндаси. Прагадаги Орган мактаби, Лейпциг ва Вена консерваторияларида таълим олган (1874— 80). Брнода Орган мактабини ташкил қилган, шу ерда проф. ва директор (1881 йилдан). Яначек 40 йил давомида мораван халқ қўшиқларини тўплаб, минглаб намуналарини нашр этган ва ўрганган, чех фольклористикасига асос солган («Мораван халқ қўшиқларининг мусиқий хусусиятлари», 1901 ва бошқалар). 20-аср миллий композиторлик мактаби асосчиси бўлган Яначек ижодида чех ва мораван халқлар мусиқа анъаналари ҳамда замонавий мусиқа услублари уйғунлашган. 9 опера («Унинг ўгай қизи», 1903; «Катя Кабанова», 1921; «Айёр тулкича саргузаштлари», 1923; «Макропулос гиёҳи», 1925 ва бошқалар), «Глаголик месса» ораторияси ва диний мавзудаги кантаталар, «Симфониетта» ва бошқалар симфоник асарлар, камер ансамбллар, вокал туркумлар ва бошқалар муаллифи. Брнодаги опера театри ҳамда Нафис санъатлар академиясига Яначек номи берилган. 1948 йилдан Брнода Яначек ижодига бағишланган мусиқа фестивали ўтказилмоқда.