ЯНА

ЯНА — Саха Республикасидаги дарё. Юқори Яна тизмасининг шим. ён бағирларидан оқиб тушувчи Дулгалах ва Сартанг дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Шим. га томон оқа бориб Лаптевлар денгизига қуйилади. Уз. 1490 км, ҳавзасининг майд. 238 минг км2. Казачье қишлоғидан ўтгач, Яна 5300 км2 га яқин майдонга эга бўлган дельта ҳосил қилади. Асосан, ёмғир сувларидан тўйинади. Ўртача йиллик сув сарфи 1000 м3/сек. Окт. ўрталаридан май ўрталаригача музлаб ётади. Янанинг 890 км қисмида кема қатнайди. Кема қатнови атиги уч ой давом этади. Янанинг Адича (715 км) ва Битантай (586 км) каби йирик ва бир қанча майда ирмоқлари бор. Асосий пристанлари: Верхоянск, Батагай, УстКуйга; қуйилиш қисмида — Нижнеянск порти.