ЯМАЙКА ВАЛЮТА ТИЗИМИ

ЯМАЙКА ВАЛЮТА ТИЗИМИ, Ямайка битими — 1976 йил янв. да Кингстон (Ямайка)да Халқаро валюта фонди (ХВФ) аъзолари бўлган мамлакатлар вакиллари кенгашида тузилган битимга мувофиқ ташкил топган ва 1978 йил апр. дан кучга кирган жаҳон валюта тизими. Ямайка битими ХВФ уставига ўзгаришлар киритди ва илгари БреттонВудс битими (1944) дан фарқ қиладиган (бу битимга кўра ХВФ аъзолари бўлган мамлакатлар ўз валютаси курсини долларга ёки олтинга нисбатан белгилар эди) инфратузилма тамойилларини белгилади. Биринчидан, олтинга ва икки захира валюта — АҚШ доллари ва Буюк Британия фунт стерлингига асосланган олтин девиз стандарти 1969 йилдан амалга киритилган СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари) стандарти билан алмаштирилди ва унинг валюталар паритетлари ҳамда валюталар қурси асосини ташкил этиши белгилаб қўйилди. Унинг шартли қиймати 5 валюта (АҚШ доллари, ГФР маркаси, Швейцария франки, Англия фунт стерлинги, Япония иенаси)дан иборат валюта савати билан аниқланадиган бўлди. Бу валюталар ХВФ Уставига кўра, «эркин алмаштириладиган валюталар» деб номланди.

Иккинчидан, Ямайка валюта тизими олтиннинг валюта бирликлари қиймати меъёри тарзидаги вазифасини, қоғоз пулларнинг олтин таъминотини бекор қилди. Натижада олтиннинг қатьий баҳолари тугатилди ва олтин жаҳон пули мавқеини йўқотди. Ямайка валюта тизими доирасида олтиннинг пул функцияларини бажаришга барҳам берилгани қонунлаштирилди. Учинчидан, банкларга олтинни хусусий бозорларда шаклланган нархларда эркин сотиб олиш ва сотиш имконияти берилди.

Мамлакатлар ўртасидаги валюта муносабатлари уларнинг миллий пул бирликларининг сузиб юрувчи («сирғалувчи») курсларига асосланадиган бўлди, яъни Ямайка валюта тизими ҳар бир мамлакатга ўз валюта курси учун исталган режимни танлаш ҳуқуқини берди. Бу билан сузувчи валюта курслари режими қонунлаштирилди ва мамлакатлар 1973 йил мартидан шу режимга ўтдилар. Валюта курслари тебранишлари асосий 2 омил: валюталарнинг ички бозордаги харид қобилиятининг реал қиймати нисбатлари билан, иккинчидан, халқаро бозорларда миллий валюталарга бўлган талаб ва таклиф нисбати билан белгиланадиган бўлди. Бу нисбатлар капиталнинг мамлакатлараро стихияли оқиб ўтиши натижасида ўзгариб туради.

Ямайка валюта тизимининг амал қилиши бир қатор мураккаб муаммоларни келтириб чиқаради. Юридик жиҳатдан олтиннинг пул функцияси бекор қилинганига қарамай, у фавқулодда жаҳон пули ва ишончли захира активи мақомини сақлаб келмоқда. Жаҳон бўйича марказий банклар ва хусусий тезавраторлар қўлида 60 минг т дан кўпроқ олтин алоҳида ликвид товар сифатида сақланади (яна қ. Евро, Европа валюта битими).