ЯМАН ТОҒЛАРИ

ЯМАН ТОҒЛАРИ, Жабал Арабистон — я. о. нинг жан. ғарбий қисмидаги тоғлар, Яман Республикаси ва Саудия Арабистони ҳудудида. Шим. ғарбдан жан. шарққа 500 км масофага чўзилган. Энг баланд жойи 3600 м. Кристалл ва вулканли жинслардан тузилган палахсали ясси чўққили массивлардан иборат. Сўнган вулканлар бор. Я. т. чуқур водийлар билан кесилган. Ён бағирлари Қизил денгиз ва Адан қўлтиғига тик тушади, шим. шарқда Руб улХоли чўли томон пасайиб боради. Қуруқ дашт, чўл ўсимликлари ўсади. Вақтинча оқар сувлар ва дарё водийларида бутазорлар бор.