ЯМАЛ ЯРИМ ОРОЛИ

ЯМАЛ ЯРИМ ОРОЛИ (ненецча я – ер ва мал — охири) — РФ Ғарбий Сибирнинг шим. даги ярим орол. Майд. 122 минг км2. Ер юзаси текислик. Уз. 700 км. Энг баланд жойи 84 м. Эни 240 км гача. Кўп йиллик музлоқ грунтлар, гидролакколитлар, термокарст, ботиклар ва бошқалар рельеф шакллари тарқалган. Қирғоқларининг каттагина қисми денгиздан қум тиллари билан ажралиб турган пасттекислик, унчалик чуқур бўлмаган қўлтиқлардан иборат. Кўл кўп (Яррото, Ямбуто, Нейто ва бошқалар). Тундра ўсимликлари билан қопланган; жан. да ўрмонли тундра бор. Ҳайвонлардан лемминг, песец, шимол буғуси мавжуд; қушлардан қур, қутб бойқуши, ёз кунлари кўплаб ғоз ва ўрдаклар учиб келади. Буғучилик, овчилик, балиқ овлаш ривожланган. Газ конлари топилган. Обь қўлтиғи қирғоғида денгиз кемалари тўхтайдиган жой — Новий порт бор.