ЯЛҚОВЛАР

ЯЛҚОВЛАР — чала тишлилар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласи. Гавдасининг уз. 50—65 см, оғирлиги 4—7 кг. Боши 270° гача бурилиши мумкин. Олдинги оёқлари орқа оёқларидан узун. Бармоқлари 2 ёки 3 та, ўзаро ёпишган, тирноқлари узун ва эгилган. Танасининг юнглари қорин томондан орқасига қайрилган. Тана ҳарорати ташқи муҳит ҳароратига қараб 24° дан 35° га ўзгариб туради. 2 уруққа мансуб 5 тури Марказий ва Жанубий Америкада тарқалган. Ялқовлар дарахтда яшайдиган кам ҳаракат ҳайвонлар. Одатда, дарахт шохларида орқаси пастга қараб осилиб туради. Ўсимликхўр. Йилда 1 бола туғади. Гўшти, териси ва безак сифатида ишлатиладиган тирноқлари учун овланади. Сони камайиб кетмоқда. Бўйинбоғли ялқов Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил китобига киритилган.