ЯЛПИЗ

ЯЛПИЗ — лабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, доривор ва эфирмойли ўсимлик. Шим. ярим шарнинг илиқ иқлимли минтақаларида 20—25 тури тарқалган. Европа мамлакатлари, АҚШ, Украина, Белоруссия ва Шим. Кавказда Ялпизнинг тахир (аччиқ) Ялпиз ва жингалак Ялпиз, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқалар мамлакатларда далаёки сув Я. турлари экилади. Ўзбекистонда 4 тури: сув Ялпиз, осиё Я. и, тахир (аччиқ) Ялпиз ва жингалак Ялпиз ёввойи ҳолда ўсади, Пояси тик шохланган, бўйи 25—100 см гача, барглари қарама-қарши жойлашган, ромбсимон, наштарсимон ёки тухумсимон, гуллари чала соябонсимон тўпгулга йиғилган, бинафшаранг. Май—окт. да гуллайди. Ялпиз ёруғсевар, намсевар ўсимлик. Баргларида 2,5 — 3%, гулларида 4—6%, поясида 0,3% ментол (валидолнинг таркибий қисми)га бой бўлган эфир мойи, шунингдек, флавоноидлар, витаминлар, ошловчи моддалар бор. Тиббиётда Ялпиз баргидан тайёрланган тиндирма (настойка) ва дамламасидан кўнгил айниганда ҳамда ўт ҳайдовчи восита сифатида фойдаланилади. Барглари ва поясидан олинган ялпиз мойи парфюмерия, озиқ-овқат саноатида ва тиббиётда, баҳорда янги чиққан барглари ошкўк сифатида ишлатилади. Вегетатив (баҳорда илдизини бўлиб экиш) йўли билан кўпайтирилади. Ўзбекистоннииг барча вилоятларида нам ерларда, ариқ ва дарё бўйларида ўсади.