ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ

ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ (ЯИМ) — мамлакат иқтисодий фаолиятининг муайян давр (ой, чорак, йил) давомидаги умумий натижаларини тавсифлайдиган кўрсаткич. Мамлакат ҳудудида жойлашган барча корхоналар (чет эл ва қўшма корхоналари ҳам шу ҳисобга киради) томонидан жами ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларнинг бозор қийматларидаги ифодаси бўлиб, унинг миқдори миллий ҳисоблар тизими асосида ҳисоблаб чиқилади. Мамлакат иқтисодиётининг ривожланишини макродаражада тавсифлаш ва таҳлил этишда фойдаланилади. Ўзбекистонда 2003 йилда амалдаги нархларда 9964,1 млрд. сўмлик ЯИМ ишлаб чиқарилди. Бу 2002 йилга нисбатан 4,4 % га кўп демакдир. Яратилган унинг 48,5% товарлар ишлаб чиқариш (унинг 15% саноатда, 28,8% қ. х. да, 4,5% қурилишда) ва 38,1% хизматлар кўрсатиш (унинг 8,5% транепорт ва алоқада, 9,4% савдо ва умумий овқатланишда, 20,2% бозор ва нобозор хизматларда) га, 13,4% маҳсулот ва экспортимпорт операциялари соф солиқларига тўғри келди. Миллий статистикада асосий макроиқтисодий кўрсаткич сифатида ҳатто ялпи миллий даромад (ЯМД) ҳам қабул қилиниши мумкин. Мас, АҚШ ва Японияда ЯИМ эмас, балки ЯММ асосий макроиқтисодий кўрсаткич ҳисобланади. Аммо БМТ нинг миллий ҳисоблар тизимида ЯИМ бирламчи иқтисодий кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Миқдор жиҳатдан бу кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут унчалик катта эмас: ривожланган мамлакатларда бу тафовут бир фоиздан ошмайди. Чет элларда ишловчи фуқаролардан тушадиган даромадлар салмоқли бўлган мамлакатларда бу тафовут каттароқ бўлиши мумкин.

Нурислом Тўхлиев.