ЯЛЛА

«ЯЛЛА», Ўзбекистонда хизмат кўрсатган давлат вокал-чолғу «Ялла» ансамбли — ўзбек мусиқий эстрада санъати ривожига катта ҳисса қўшган, республикада етакчи вокал-чолғу ансамбль. 1970 йил Тошкент театр ва рассомлик санъати институти қошида ин-т Ўқув театри директори, шоир Г. Рожков ва дастлабки мусиқа раҳбари — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, композитор Е. Ширяев ташаббуси билан ВИА шаклида ташкил топган. Иштирокчилари — Ф. Зокиров (1976 йилдан бадиий раҳбар, қ. Зокировлар), Ш. Низомитдинов, Л. Кандалова, Б. Жўраев, С. Аванесов, А. Фатхуллин, Н. Бойхонова ва бошқалар 1971 йил Ўзбек концерт таркибига кириб, 1975 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ансамбль» унвонига сазовор бўлган. 1970 йиллар охирида ансамблга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Р. Илёсов (мусиқа раҳбари ва аранжировкачи, 1994 йилгача), Ж. Тўхтаев, А. Алиев, А. Тўлагановлар келиб қўшилган. «Ялла» ижодида миллий оҳанг ва усуллари рок мусиқа («блюзрок», «софт рок», «рокнролл» ва бошқалар), Европа ва Шарқ мусиқий эстрада шакллари ҳамда оммавий мусиқанинг бошқа воситалари билан уйғунлашиб, ўзига хос, жўшқин ва жозибали услуб шаклланишига асос бўлди. Репертуаридан фолькрок услубида қайта ишланган ўзбек халқ қўшиқ, ялла ва ашулалари («Бойчечак», «Юмалаб-юмалаб», «Қилпиллама», «Ғайра-ғайра», «Хандалак» ва бошқалар), ўзбек композиторлари («Ўзбекистон», С. Юдаков; «Қиз бола», Э. Солиҳов; «Баҳор қасидаси» Ф. ЯновЯновский ва бошқалар)нинг аранжировка қилинган асарлари ва Ф. Зокиров басталаган қўшиқлар («Мажнунтол», «Сумалак», «Масхарабозлар», «Сен бўлмасанг ёнимда», «Мусиқали чойхона», «Лейли», «Учқудуқ», «Шаҳрисабз», «Тошкентим онам», «Юрт ишқида ёнаман», «Бугун байрам» ва бошқалар) ўрин олган. Айниқса, «Ялламаёрим» (1984) ва «Мусиқали чойхона» (1987) театрлаштирилган дастурлари машҳур бўлиб, Ўзбекистон ва кўпгина чет мамлакатларда намойиш этилган. Ижролари 10 дан ортиқ грампластинкага ёзилган. Европа, Осиё, Африка ва Америка мамлакатларида бир неча марта гастролда бўлган.