ЯЛАНИШ КАСАЛЛИГИ

ЯЛАНИШ КАСАЛЛИГИ — ҳайвонларда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида пайдо бўладиган касаллик. Асосан, қорамолларда учрайди. Бундан ташқари, қўйларда жун ейиш, паррандаларда пат чўқиш шакллари учрайди, Яланиш касаллиги организмда минерал моддалар, жумладан, натрийнинг ишқорий тузлари, кобальт, йод, марганец, рух каби микроэлементлар, витаминлар, аминокислоталар етишмаслиги туфайли келиб чиқади. Касаллик бошланишида ҳайвон девор ва охурларни ялайди, тўшамадаги чириган сомон, суяк, тош, латта, қоғоз ва жунларни ейди. Касал ҳайвон озади, териси қурийди, анемия, ич қотиш, ич кетиш кучаяди, маҳсулдорлиги камаяди. Касаллик авж олганда ҳайвон бутунлай озиб кетади, ҳатто ўлиши мумкин. Шунингдек, рахит, остеодистрофия, қутуриш, жигар яллиғланишида ҳам Яланиш касаллиги белгилари кузатилади. Ташхис касалликнинг клиник белгилари, озуқа рациони таҳлили ва табиийхўжалик шароитларига қараб қўллади.

Даволаш: озуқа рационига етишмаган минерал моддалар, витаминлар ва аминокислоталар қўшилади.

Олдини олиш: озуқа рациони яхшиланади ва мол боқиш шароити ўзгартирилади.