ЯКСАРТ

ЯКСАРТ — Сирдарёнинг қадимда юнон, ўрта асрларда Ғарбий Европа манбаларида учрайдиган номи. Плинийнинг маълумотига кўра, дарёни бақтрияликлар Лаксат (Яксарт), скифлар Силис деб аташган. Клавдий Птолемей (мил. 2-аср) нинг «Географиядан қўлланма» асарида ёзишича, Яксарт дарёси соҳиллари яқинида яксартлар деган катта қабила яшаган.

Яксартнинг паҳлавийча Йахшарт шаклдаги номини шарқшунос И. Маркварт Йахша арта — ҳақиқий, тоза гавҳар деб изоҳлайди. Йахшагавҳар сўзи дарёнинг хитойча (Чинчухэ) ва туркийча (Йинчюўғуз) номларида ҳам мавжуд. Яксартнинг хитойча транскрипцияси — Яоша, Яуша ёхуд Йоша. Исломият давридаги араб (Берунийнинг «Масъуд қонуни») ва форс (Ҳудуд улолам) манбаларида — Хашарт шаклида учрайди.