ЯККАБОҒДАРЁ

ЯККАБОҒДАРЁ (Ирғайли, Саритўқай, Қизилдарё) — Қашқадарё ҳавзасидаги серсув дарёлардан бири. Танхоздарёнинг чап ирмоғи. Уз. 99 км. Ҳавзасининг майд. 1180 км2, шу жумладан, сув тўплаш майд. 755 км2. Ҳисор тизмасининг ғарбий ён бағридаги музликдан 3949 м баландликда бошланади. Юқори оқимида Ирғайли, кейинроқ Саритўқай, Қизилдарё номлари билан маълум. Яккабоғ қишлоғидан ўтгач, Яккабоғдарё деб аталади. Дарёнинг юқори оқимида унга булоқлардан бошланган кўп сонли жилғалар қуйилади. Асосий ирмоқлари: ўнгдан — Қаранкўлсой, чапдан — Тирна. Дарёнинг суви бу қисмида сугоришга сарфланади. Асосан, қор ва музликлар сувидан тўйинади. Ўртача кўп йиллик сув сарфи Татар қишлоғи ёнида (бошланишидан 50 км масофада) 6,11 м3/сек. Ўртача йиллик сув сарфи 12,6 м3/сек. дан (кўп сувли йилда) 2,15 м3/сек. гача (кам сувли йилда) ўзгаради. Тўлинсув даври март — август ойида. Энг кўп суткалик сув сарфи май — июнда (кўп сувли йилда 72,1 м3/сек., кам сувли йилда 17 м3/сек.) кузатилади. Дарёнинг энг кам сув сарфи дек. — март ойларида бўлади.