ЯКАНДОШЛАР

ЯКАНДОШЛАР — бир уруғпаллали ўсимликлар оиласи. Бир йиллик ёки кўп йиллик ўтлардан, баъзан буталардан иборат. Барглари қинли ва чизиқсимон ёки цилиндрсимон япроқли; баъзи барглари редукцияланиб, қинга айланган. Гуллари майда, кўримсиз, тўғри, икки жинсли, каллаксимон, рўваксимон ёки соябонсимон тўпгулларга йиғилган, шамол ёрдамида чангланади. Меваси кўп ёки 3 уруғли кўсакча. Якандошларга 8 туркум, 300 га яқин тур киради. Якандошлар мўътадил ва совуқ минтақаларда, тропикларнинг баланд тоғларида кўпинча зах, ботқоқ жойларда ўсади.