ЯГОНА ИҚТИСОДИЙ МАКОН

ЯГОНА ИҚТИСОДИЙ МАКОН — иқтисодий иттифоққа бирлашган бир неча давлатлар томонидан ташкил этиладиган яхлит иқтисодий ҳудуд. Хўжалик алоқаларини такомиллаштириш, иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида товарлар, хизматлар, капиталлар ва меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатини таъминлашга хизмат қилади. Бу маконга кирган давлатлар, шунингдек, корхоналар, хусусий фирмалар, компаниялар учун бир хил рақобат шароитлари яратилади. Ягона иқтисодий макон шаклланиши объектив иқтисодий жараён. У ихтиёрийлик ва ўзаро манфаат асосида кечади ва бир неча миллий хўжаликларда иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ўзаро ишлаб чиқариш, савдосотиқ ва маданий алоқаларни мунтазам ривожлантириш негизида жамиятда янги сифат ўзгаришларини вужудга келтиради. Ягона иқтисодий макон интеграциянинг юқори даражаси бўлиб, унинг шаклланиши учун муайян босқичлар ўтилиши керак.

Ягона иқтисодий макон шаклланиши учун мамлакатлар ўртасида савдоиктисодий ҳамкорлик моддий асос ҳисобланади. Бундай ҳамкорликда мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама савдода энг қулай шароитлар режимини яратиб бериш, икки томонлама солиқ солишга барҳам бериш ҳақидаги келишувлар асосий ўринда туради. Ягона иқтисодий макон шаклланишидаги кейинги босқич — эркин савдо зонасининг ташкил топишидир. Эркин савдо зонасида мамлакатлар тариф ва нотариф чегаралашларни, яъни божхона тўлови, квоталар ва бошқалар тўсиқларни олиб ташлашни таъминлайдилар. Ягона иқтисодий макон шаклланиши томон қўйиладиган кейинги қадам — божхона иттифоқидир. Божхона иттифоқи эркин савдо зонасидаги мамлакатларнинг учинчи мамлакатларга нисбатан келишилган сиёсат юритишини ишлаб чиқишдан бошланади. Божхона иттифоқининг юқори босқичи — ягона божхона ҳудуди ҳисобланади. У ички божхона чегараларини аста-секин бекор қилиш ва божхона иттифоқи бошқарув органларини ташкил қилишни кўзда тутади.

Ягона иқтисодий макон шаклланишида кейинги босқич ҳисобланган умумий бозор божхона иттифоқи трансформацияси асосида зарурий иқтисодий шароитларининг етилганлик даражасига қараб шаклланади. Умумий бозор шароитида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва капиталларнинг ҳудуд бўйлаб эркин ҳаракат қилишига кенг йўл очиб берилади. Шунингдек, молия, банк, суғурта ва бошқалар соҳаларда мувофиқлаштирилган сиёсат юритилади.

Ягона иқтисодий маконга бирлашаётган мамлакатларда машиналашган и. ч. чуқур ихтисослашган бўлиши, иқтисодий ривожланиш даражаси бир-бирига яқин бўлиши, шунингдек, ҳудудий бирликни ташкил қилиши керак.

Ягона иқтисодий маконни бозор иқтисодиётининг фантехника шароитидаги ривожланиши келтириб чиқарди, чунки у чуқур ихтисослашув ва иқтисодий тенглашувни ва юксак самарадорликни таъминлайди. Мас, ҳоз. даврда Ғарбий Европа иқтисодий интеграциясида 25 та мамлакат бирлашган бўлиб, бу мамлакатлар ҳудудида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва капитал айланиш эркин ҳаракат қилади. Европа Иттифоқи жаҳоннинг 7 % аҳолисига эга бўлган ҳолда жаҳон ялпи маҳсулотининг қарийб учдан бир қисмини ишлаб чиқаради ва жаҳон экспортининг қарийб ярми унинг ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, мавжуд АҚШ — Канада, Лотин Америкаси мамлакат’лари Ягона иқтисодий макон зоналарида ҳам ишлаб чиқариш барқарор ривожланиб бормоқда. 2004 йил июнда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари йиғилишида (Остона шаҳри, Қозоғистон) Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия иштирокида Ягона иқтисодий макон ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди.

Тўлиқ шаклланган Ягона иқтисодий макон доирасида иқтисодий фаолиятнинг юқори даражадаги бирлиги ва ўзаро мувофиқлашувига эришилади, ягона валютадан фойдаланилади, ягона божхона божлари жорий этилади, ягона иқтисодий сиёсат асослари яратилади.

Шоназар Эрмаматов.