ЯГАЙЛО

ЯГАЙЛО, Йогайла (тахм. 1350— 1434.1.6) — Литва буюк князи (1377— 92, танаффуслар билан), Польша қироли (Владислав II Ягелло номи билан, 1386 йилдан) ягеллонлар сулоласи асосчиси. Ольгерднинг ўғли, Гедиминнинг набираси. 1380 йил Москва улуғ князлигига қарши Олтин Ўрда билан иттифоқ тузган; Куликово жангипа Мамайнинг иттифоқчиси бўлган. Тевтон ордени ёрдамига суянган. 1386й. 18’фев. да Польша қироличаси Ядвигага уйланган, натижада Я. Польша қироли ҳам бўлган. Бироқ мухолифат уни Литвадаги ҳокимиятни топширишга мажбур қилган (1392, Я. да фақат Литва «олий князи» унвони қолган).

1409—11 йиллардаги Тевтон орденига қарши Буюк урушда ва 1410 йилдаги Грюнвальд жангида иттифоқдош поляклитварус армиялари қўмондони бўлган. Ягайло ўзини иқтидорли ташкилотчи ва саркарда сифатида кўрсатган.