ЯДРО СПЕКТРОСКОПИЯСИ

ЯДРО СПЕКТРОСКОПИЯСИ — атом ядроси тузилиши хусусиятлари ва айланишларини ўрганадиган ядро физикаси соҳаси; бунда радиоактив бўлинишда ёки ядро реакцияларида ҳосил бўладиган зарраларнинг энергетик спектри, интенсивлиги, бурчак бўйича тақсимланиши ва қутбланишини ўлчаш бўйича турли ҳолатдаги ядроларнинг хоссалари (энергияси, спинлари ва бошқалар) текширилади. Ядроларнинг тузилиши ва ядровий кучлар ҳақидаги таълимот уч манбага: радиоактив емирилиш, ядро реакциялари ва юқори энергиялар физикасига асосланган. Радиоактив ядролар емирилганда ҳосил бўладиган турли хил нурланишларни ўрганиб, ядронинг тузилиши ҳақида маълумот олинади. Ядро тузилишини ўрганиш мақсадида назарий жиҳатдан ядро моделлари яратилиб, унинг ҳақиқий ядроларнинг хусусиятларига тўғри келиши ёки келмаслигини текшириш мумкин. Атом ядроси структурасини ўрганишда ядро моделларининг аҳамияти катта бўлиб, улар Ядро спектроскопиясининг назарий асоси ҳисобланади. Ядро спектроскопиясининг муваффақияти асосида ядронинг ички тузилиши ҳақида модель тасаввурлар вужудга келди. Ядро спектроскопиясининг экспериментал ва назарий тадқиқотлар натижалари халқ хўжалигининг ядро энергетикаси, активацион таҳлил, тиббиёт, техника ва бошқалар соҳаларда кенг қўлланилади.