ЯДРО КИМЁСИ

ЯДРО КИМЁСИ — модданинг ядровий хоссаларини физик кимё билан ўзаро боғлиқ ҳолда умумлаштириб ўрганувчи фан. Баъзан «Ядро кимёси» термини радиокнмё маъносида қўлланади. Бу нотўғри, чунки Ядро кимёсининг тадқиқот объекти атом ядросининг хоссалари ва ядро реакциялари бўлса, радиокимёнинг тадқиқот объекти радиоактив ядроларнинг хоссаларини кимёвий муаммолар ечими учун қўлланишидир. Ядро кимёсининг асосий йўналишлари: ядро реакцияларини ва ядровий ўзгаришларнинг кимёвий оқибатларини ўрганиш; «янги атомлар» кимёси; Мёссбауэр эффекти; янги элементлар ва радионуклидлар, радиоактив парчаланишнинг янги турларини топиш. Бу муаммоларни ечишда радиокимё, ионизация, сўнгги йилларда массспектрометрия, шунингдек, қалин қатламли фотоэмульсия усулларидан фойдаланилади.