ЯДРО ЭНЕРГЕТИКАСИ

ЯДРО ЭНЕРГЕТИКАСИ — энергетиканинг атом энергияси (ядро энергияси) дан электр ва иссиқлик энергияси олиш мақсадида фойдаланиш бўлими ҳамда фан ва техниканинг ядро энергиясини электр ва иссиклик энергиясига айлантириш усуллари ва воситаларини назарий жиҳатдан ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда татбиқ қилиш масалалари билан шуғулланувчи соҳаси. Ядро энергетикасининг техник асосини атом электр станцияси (АЭС) ташкил қилади. Энергия манбаи эса атом реактори (ядро реактори) ҳисобланади. Парчаланиш ядро реакциялари (қ. Ядро реакцияси) да уран ва плутоний ядроларининг бўлиниши натижасида иссиқлик энергияси ажралади, кейин бу энергия худди оддий иссиқлик электр ст-яларидагидек электр энергиясига айлантирилади. Органик ёқилғи (кўмир, газ, нефть, торф) заҳиралари камайиб қолган тақдирда инсониятни энергия билан таъминлашда ядро ёқилғисидан фойдаланиш ҳозирча энг ишончли йўл ҳисобланади. Шунинг учун кўпчилик ривожланган мамлакатларда (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Япония, Германия, Швеция, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқалар)да иссикдик ва гидроэнергетика манбаларидан бошқа энергия манбаларидан, шу жумладан, биринчи навбатда, ядро энергиясидан фойдаланишнинг юқори самарали усулларини ўзлаштиришга доир ишлар жадал равишда олиб борилмоқда. Ўзбекистонда Ядро энергетикасига доир илмий текшириш ишлари Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институтиш олиб борилади.

Ядро энергетикасига доир энг ташвишли муаммо — бу АЭС ларни ишлатиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш ҳамда ажраладиган суюқ ва қаттиқ радиоактив чиқиндиларни зарарсизлантириш муаммоси. АЭС ларда бундай чиқиндилардан ташқари радиоактив изотопларнинг учувчи бирикмалари ажралади, радиоактив аэрозоллар ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Радиоактив газлар ва аэрозолларнинг маълум қисми яхшилаб махсус ишлов берилганидан сўнг атмосферага чиқариб юборилади, суюқ ва қаттиқ радиоактив чиқиндилар эса махсус омборлар («қабристонлар») га тўпланади. Бироқ, Ядро энергетикасини тараққий эттиришнинг энг асосий муаммоси кўп миқдордаги зарарли чиқиндиларни кўмиб ташлашнинг тежамли ва ишончли усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Бу борада кўпчилик ривожланган мамлакатларда 20-асрнинг 70-й. ларидан бери илмий текшириш ва тажрибасаноат ишлари олиб борилди ҳамда баъзи усуллари ишлаб чиқилди ва амадда жорий қилинди (мас, чиқиндиларни ерга чуқур кўмиб, қалин бетон тўсиқ — саркофаг билан ўраш, контейнерларда океан тубига ташлаш ва б). Лекин ҳозирча энг ишончли, хавфсиз ва тежамли усуллари ишлаб чиқилганича йўқ.