ЯДАТОШИ

ЯДАТОШИ, йада, жада, санги жади, хажар улмутур (форсча жоду дан олинган) — ривоятларга кўра, қадимда туркий халқларда махсус тош ёрдамида тегишли афсун-дуо ўқиш йўли билан қор, ёмғир, шамол, бўрон чақириш ёки уларни тўхтатиш удуми. Л. Н. Гумилёвнинг ёзишича, Ядатоши 20-асргача амалиётда бўлиб келган. Сигир, от ёки тўнғиз ошқозонидан чиққан тош устида ўқилган дуо ёрдамида ёмғир чақирилган. Ядатоши ҳақидаги дастлабки маълумотлар Хитой манбаларида (Тан шу) қайд этилган. Туркий халқларга оид ўрта аср тарихий манбаларида душманга қарши курашда Ядатошидан унумли фойдаланилганлиги ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди (қ. Жангилой). С. Е. Маловнинг фикрича, Ядатоши билан боғлиқ маросимлар яқин вақтларгача нафақат олтойликлар, тувалар, балки бошқа туркий халқлар томонидан ҳам ўтказилиб келинган (яна қ. Сус хопгин).