УЗУНҚИР

УЗУНҚИР — шаҳар харобаси. Зарафшон тизмасидан бош олган Шўробсой бўйида (Китоб тумани) жойлашган. 1981 й. да ТошДУ Ўрта Осиё археология кафедраси экспедицияси ходимлари томонидан топиб текширилган. Узунқир ўрнида мил. ав. 8—7-а. ларда қад. манзилгоҳ бўлган. Мил. ав. 7—6-а. ларда 70 га майдонни эгаллаган. Узунқир Китоб — Ша!хрисабз воҳасининг иқтисодий ва маъмурий марказига айланган. Узунқирдан Тахтакррача довони орқали қад. Самарканд (Мароканда)гача бўлган масофа 70 км ни ташкил қилган. Шаҳар Мароканда—Бақтра карвон йўли бўйида жойлашиб муҳим савдосотиқ ва ҳунармандчилик аҳамиятига эга бўлган. Узунқир ички қалъа ва шаҳар ҳудудидан иборат. Ёдгорликнинг жан. гарбий томонида уз. 450 м мудофаа деворининг харобалари сақланиб қолган. Девор ҳам ғиштдан қурилган тўғри бурчакли буржларга, буржли хоналарга ва жанговар шинакларга эга. Узунқир — Ўзбекистон ҳудудида илк шаҳарсозлик тузилмасининг шаклланиши намунаси. Унинг йирик ўтроқ деҳқончилик воҳасининг маркази сифатида қўрғонқароргоҳи, гузарлари бўлган. Узунқир топилмалари — сопол идишлар, жездан ва темирдан ишланган меҳнат ва ҳарбий қуроллари шаҳарда ҳунармандчилик касби юқори даражада тараққий этганлигидан далолат беради. Шўробсой воҳасидан топилган маданий ўсимликлар (арпа, буғдой), турли узум навлари уруғлари бу ерда деҳқончилик ва боғдорчиликнинг тараққий этганлигидан далолатдир. Бу даврда канал, арикдар, қазиш, дарёлардан сув чиқариш, янги экин майдонларини ўзлаштириш ва сугориш ишлари кенг йўлга қўйилган. Деҳқонлар атрофи девор билан ўралган қўрғонли уйларда ва қишлоқларда яшашган.

Археологлар КитобШаҳрисабз воҳасига, умуман Қашқадарё вилоятининг тоғ олди шарқий қисмига «Авесто»да келтирилган Гава, Гау, Гава Суғдда (суғдийлар яшайдиган макон, «Суғд макони») тушунчаси тегишли бўлганлигини тахмин қиладилар. Ушбу сўзнинг ўзи Қашқадарёнинг шарқий қисмидаги кўпгина замонавий атамаларда сакланиб қолган. Мил. ав. 7—6-а. ларда Гава Суғди вилояти Навтака деб аталган. Навтака вилояти Зарафшон тизмасидан бошланиб Ўрадарё воҳасигача бўлган ерларни ўз ичига олган. Вилоят маркази. Узунқир қалъаси бўлган. Мил. ав. 3—2-а. ларда вилоят маркази Узунқирдан Китоб ш. ўрнида асос солинган Янги шаҳарга кўчади. Ёзма манбаларда Сусе деб аталган бу ном «Суғда», «Суғуд», яъни Суғдиёна тушунчаларидан келиб чиққан.