УЗОҚДАН КЎРИШ

УЗОҚДАН КЎРИШ, гиперметропия — кўз нур синдириш (рефракция) меъёрининг бузилиши. Одатда, кўзнинг нур синдириш хусусияти 3 хил бўлади. Биринчисида кўзга тушган нурлар тўр пардада синиб, кўз нарсаларни яхши, нормал кўради. Иккинчисида нурлар фокуси калта бўлиб, улар тўр пардага бормай, кўзнинг ичида синиб, ўз фокусида йиғилади. Бунда кўзнинг кўриш хусусияти фақат яқинга етади, бу яқиндан кўриш дейилади. Учинчисида эса кўзга ташқи муҳитдан тушган нурлар тўр пардадан «кўзнинг орқаси», яъни «манфий масофа»га ўтиб кетади. Бунда кўз узокдан ҳам, яқиндан ҳам яхши кўрмайди, чунки нурлар фокуси узокда ётади; кўз тўр пардасига фақат айримайрим нурлар тушадию, лекин у ташқи муҳитдаги буюмлар шаклини тўлиқ акс эттира олмайди.

Кўзнинг нур синдириш хусусияти диоптрия билан ҳисобланиб, ёш одамларда Узоқдан кўриш рефракцияси икки ёки купи билан уч даражагача бўлса, уни аккомодация қоплай олади ва одам 40—50% гача кўриши мумкин. Лекин бундай одамларнинг кўзи тез чарчайди, қизаради, кўзи ва қовоғида оғриқ сезилади, боши огрийди. 40 ёшдан ошган одамларда эса, аккомодатив аппарат ёшларникидай юмшоқ ва ҳаракатчан бўлмагани учун аккомодация кучи камаяди. Улар ҳарфларни яқиндан ўқий олмайдилар. Узоқдан кўриш болаларда ғилайликкз. олиб келади. Узоқдан кўрувчи кишиларга қавариқ кўзли кўзойнак тақиш тавсия этилади.