УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ

УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ — ўзаро мантиқий изчиллик асосида боғланган ҳамда соддадан мураккабга қараб ривожланиб борувчи ва бирбирини тақозо этувчи босқичлардан иборат яхлит таълим тизими. Ўзбекистон Республикасида кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси, таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бири. 1997 й. 29 авг. да қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги ЎзР қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида алоҳида тамойил сифатида қайд этилган. Узлуксиз таълим миллий моделнинг асосий таркибий кисмларидан бири (қ. Таълимнинг миллий модели), ЎзРнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахе, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмийтехникавий ва маданий эҳтиёжларини қондирувчи устувор соҳадир. Узлуксиз таълим ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой шахе шаклланиши ва юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун зарур шартшароитлар яратади. Узлуксиз таълим тизимининг фаолият олиб бориши давлат таълим стандартлари асосида, турли даражалардаги таълим дастурларининг изчиллиги асосида таъминланади ва мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касбҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълимни ўз ичига олади.

Узлуксиз таълимнинг фаолият кўрсатиш тамойиллари куйидагилардан иборат: таълимнинг устуворлиги — унинг ривожланишининг 1даражали аҳамиятга эга эканлиги, билим, таълим ва юксак интеллектнинг нуфузи; таълимнинг демократлашуви — таълим ва тарбия услубларини танлашда ўқув юртлари мустақиллигининг кенгайиши, таълимни бошқаришнинг давлатжамият тизимига ўтилиши; таълимнинг инсонпарварлашуви — инсон крбилиятларининг очилиши ва унинг таълимга бўлган турлитуман эҳтиёжларининг қондирилиши, миллий ва умумбашарий қадриятлар устуворлигининг таъминланиши, инсон, жамият ва атрофмуҳит ўзаро муносабатларининг уйғунлашуви; таълимнинг ижтимоийлашуви — таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш; таълимнинг миллий йўналтирилганлиги — таълимнинг миллий тарих, халқ анъаналари ва урфодатлари билан узвий уйғунлиги, Ўзбекистон халкларининг маданиятини саклаб қолиш ва бойитиш, таълимни миллий тараққиётнинг ўта муҳим омили сифатида эътироф этиш, бошқа халкларнинг тарихи ва маданиятини ҳурматлаш; таълим ва тарбиянинг узвий богликлиги, бу жараённинг қар томонлама камол топган инсонни шакллантиришга йўналтирилганлиги; иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларга таълимнинг энг юқори даражасида, изчил равишда фундаментал ва махсус билим олишлари учун шартшароитлар яратиш.

Узлуксиз таълим таълим жараёнида самарали натижаларга эришиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Маъсуда Ҳошимова.