УЗЛАТ

УЗЛАТ (араб. — чекиниш; кишилардан четлашиш; узлат этиш — ёлғизликни ихтиёр қилиш) — холи жой; танҳолик; ҳеч нимага боғланмаслик; дунёнинг хилмахил ғавголаридан фориғлик. Муҳаммад (сав)нинг Ҳиро тоғида ўтказган Узлат даги ҳаёти суфийлар учун ибрат ва намуна бўлган. Тасаввуфда Узлат дейилганда шайх, пир, муршид раҳнамолигида ва унинг кўрсатмаларига биноан, муриднинг махсус бир гўшада беркиниб, ибодат ва зикр орқали Аллоҳ б-н зоҳиран алоқа боғлаши тушунилади. Камида 40 кун давом қиладиган бу жараёнга «чилла ўтириш» дейилган. Тасаввуфда ҳаётни батамом хилватда ўтказиш шартлиги зинҳор тарғиб этилмаган. Тасаввуфга кўра, Узлат ҳаётдан қочиш, кундалик турмушдан ажралиб яшаш, одамлардан безиш эмас, балки маълум муддат руҳий камолотга эришиб, яна фаолиятни давом эттирищдир.