УЙҒУН

УЙҒУН (тахаллуси; асл исмшарифи Отақўзиев Раҳматулла) (1905.14.5, Жамбул вилояти Марки қишлоғи —1990.22.4, Тошкент) — шоир ва драматург. Ўзбекистон халқ шоири (1965). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1956). Ўзбекистон ФА нинг мухбир аъзоси (1974). Меҳнат Қаҳрамони (1985). Самарқанддаги пед. академияда таҳсил кўрган (1927—30). Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири, «Қурилиш» жур. да масъул котиб (1930 — 31), Маданий қурилиш (1932—33) ҳамда Тил ва адабиёт инти (1933 — 43)да илмий ходим, сектор мудири. Ҳамза номидаги драма театрида репертуар бўйича бадиий раҳбар ўринбосари (1947—48), «Шарқ юлдузи» жур. да бўлим мудири (1948 — 50), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари (1949— 50), раиси (1951—54), айни вақтда «Шарқ юлдузи» жур. да масъул муҳаррир (195051).

Дастлабки шеърлар тўплами — «Баҳор севинчлари» (1929). Уйғун ижоди 3 босқичдан иборат. Ижодининг дастлабки босқичида лирик шоир сифатида шаклланган. Айни пайтда «Жонтемир» (1931—35), «Бригадир Карим» (1934), «Гуласал» (193435), «Украина еллари» (1935) каби лироэпик асарлари билан шу давр достончилиги тараққиётига сезиларли ҳисса қўшган. Бундан ташқари, у адабий мерос ва замонавий адабий жараён муаммоларига доир мақолалар ҳам ёзган. Фашизмга, босқинчилик урушита қарши кураш пафоси Уйғун ижодининг 2босқичдаги бош йўналишини белгилаб берди («Ғазаб таронаси», 1942; «Ғазаб ва муҳаббат», 1943; «Шеърлар», 1944). Бу даврда Уйғун драматургияга ҳам мурожаат этиб, ватанпарварлик руҳидаги «Она», улуғ ўзбек шоирининг 500 йиллигига бағишланган «Алишер Навоий» (1942, Иззат Султон билан ҳамкорликда) драмаларини ҳамда «Қалтис ҳазил» (1944) комедиясини ёзди. Урушдан кейинги йилларда сақна юзини кўрган «Алишер Навоий» драмаси кенг томошабинлар оммасининт Навоийни кашф этиши ва улуғ шоирга муҳаббат туйғулари билан йўғрилишида, шунингдек, ўзбек адабиётида тарихийбиографик драма жанрининг тараққиётида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Шундан сўнг Уйғун уруш ва урушдан кейинги машаққатли йилларга бағишланган «Ҳаёт қўшиғи» (1947), «Олтинкўл», «Навбаҳор» (1949) драмаларини яратди. Сўнгги драмаси билан Уйғун ижодига қишлоқ ҳаёти мавзуи кириб келди. Драматург бу асарида уруш даврида вайрон бўлган жамоа хўжалиги қаёти мисолида эскилик билан янгилик ўртасидаги кураш мавзуини биринчилардан бўлиб урушдан кейинги ўзбек адабиётига олиб кирди. Уйғун ижодининг сўнгги, 3босқичи 50-й. ларнинг ўрталаридан бошланган. Уйғун тинчлик учун кураш, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик сингари ўша давр адабиёти учун муҳим ҳисобланган мавзуларда кўплаб шеърлар ёзган («Тинчлик куйлари», 1960; «Ҳаёт чақиради», 1961). Қуруқ риторика ва панднасиҳатдан иборат бўлган бу шеърлар шу давр шеърияти тарихида бирор из қолдира олмаган. Уйғун кўпроқ драматургия жанрларида қалам тебратган. «Навбаҳор» драмасида кўтарилган қишлоқ мавзуини яна давом эттириб, хотинқизларнинг жамоа хўжалигига моҳирлик билан раҳбарлик қилиши мумкинлиги («Ҳуррият», 1959), пахта яккаҳокимлиги даври фожиалари («Парвоз», 1963), шахсга сиғинишнинг қишлоқ шароитидаги оқибатлари («Шубҳа», 1961), тиббиёт ходимларининг инсон саломатлиги учун масъуллиги («Қотил», 1965) каби масалалар ҳақида баҳс юритувчи пьесалар ёзган. «Пахта учун кураш»нинг салбий оқибатлари фош этилган «Парвоз» драмаси эса совет воқелигини бузиб кўрсатишда айбланиб, саҳнадан олиб ташланган.

Уйғуннинг ёшлар маънавияти муаммосига бағишланган «Парвона» (1966) комедияси жамоатчилик томонвдан самимий кутиб олинган. Уйғун Ўрта Осиё халкларининг машъал сиймолари ҳақида ҳикоя қилувчи «Абу Райҳон Беруний» (1973), «Абу Али ибн Сино» (1979), «Зебуннисобегим» (1982) тарихий драмаларини яратдики, бу асарлар «Ҳуррият», «Парвона» ва «Парвоз» пьесалари билан бирга драматург ижодининг 3босқичидаги ютуклари ҳисобланади. Уйғун биринчи ўзбек балети «Гуландом» (1939) либреттоси муаллифи, «Ўзбекистон қиличи» (1942) пьесаси, «Алишер Навоий» (1947) ва «Авлиёнинг саргузаштлари» (1958) киносценарийларининг эса муаллифларидан бири.

Уйғуннинг адабий меросида таржима асарлар алоҳида ўринни эгаллайди. Урушгача бўлган даврда А. С. Пушкин ва М. Ю. Лермонтов асарлари таржимасида муайян тажриба орттирган шоир кейинчалик Л. Н. Толстойнинг «Ҳожимурод», А. П. Чеховнинг «Чайка», У. Шекспирнинг «Юлий Цезарь» ва «Вероналик икки йигит» асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1984).