УЙ ЎСИМЛИКЛАРИ

УЙ ЎСИМЛИКЛАРИ, хона ўсимликлари — уйларда ва жамоат хоналарида ўстириладиган ўсимликлар. Табиий ҳолда Ер шарининг тропик ва субтропик минтақаларида ўсадиган ўсимликлар уй шароитида ўстирилади. Уй ўсимликлари 2 гуруҳга; чиройли гуллайдиган ўсимликлар ва манзаралибаргли (барглари ҳар хил кўринишдаги) ўсимликларга бўлинади. Ўзбекистонда алоэ, амариллис, бегония, гулисумбул, кактус, уй лимони, атиргул, узамбар гунафшаси, хитой атиргули, финик пальмаси, фуксия ва б. кўпроқ ўстирилади.

Уй ўсимликлари компостли, соф тупроқ, чимли тупроқ аралашмаси тўлдирилган ёғоч, пластмасса, шиша, сопол тувак ва б. мосламаларда дераза токчасида ёки дераза ёнида ўстирилади. Уларни суғориб турищ, ёз ойларида минерал ўғитлар эритмаси билан (10 л сувга суперфосфат, амиакли селитра, калий ўғити 1, 2,5, 0,5 чой қошиқ нисбатида) озиқлантириш, баргларини ювиб туриш зарур. Уй ўсимликлари хонанинг юқори ҳароратига (20—25°) чидамли. Уларнинг яхши ўсиши учун ҳаво намлиги юқори бўлиши керак. Уй ўсимликларининг субтропик турлари (самбитгул ва б.) эса қишда ҳарорат 10—12° да яхши усади. Уй ўсимликларининг баъзи турлари (мас, анжир, лимон, мандарин, гармдори) меваси учун ҳам ўстирилади. Японияда қадимдан хоналарда қарағай, тилоғоч, эман, олхўри, олча каби пакана дарахтлар ўстирилади. Уларнинг ўсишини махсус усуллар билан секинлаштириш натижасида пакана ўсимликлар ҳосил бўлган.

Уй ўсимликлари уруғидан ёки қаламчасидан, туганаклари, пиёзи, илдиз бачкасидан кўпайтирилади. Асосий зараркунандалари: оққанотлар, ёмғир чувалчанги, қизил канача; оранжерея трипси, шира, оққурт. Касалликлари: кул, хлороз ва б.

Ҳалима Отабоева.