УРЕТРИТ — сийдик чиқариш канали (уретра)нинг яллигланиши. Патоген микроорганизмлар (трихомонадалар, ачитқисимон замбуруғлар, вируслар ва б.), шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, аллергия, шикастланишлар сабаб бўлади.
Клиник кечишига кўра, ўткир ва сурункали, қўзғатувчисининг турига қараб сўзакли, трихомонадали, носпецифик Уретритлар фарқ қилинади. Аксари эркакларда учрайди. Сийганда ачишиш, оғриқ пайдо бўлади; уретрадан йирингли чиқинди келади. Уретрит, одатда, жинсий алоқа қилганда гонококкдан зарарланиш натижасида юқади (қ. Сўзак). Уретрага бактериялар (мас, ичак таёқчаси, стрептококк, пневмококк) тушиши, шахеий гигиена кридаларининг бузилиши ёки ангина, сурункали тонзиллит, оғиз бўшлиғи ва б. аъзолардаги яллиғланишлардан қон ва лимфа томирлари орқали уретрага микроб утиши ҳам Уретритга сабаб бўлади. Уретритга хос белгилар юзага келиши билан дарҳол врачга учрашиш лозим, акс ҳолда яллиғланиш уретранинг орқа қисми ва қовуққа тарқалиб мояк ортиғи (қ. Эпидидимит), простата бези (қ. Простатит), уруғ пуфакчаси (қ. Жинсий аъзолар)нк ҳам яллиғлантиради, пировардида бемор бепушт бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Уретритнинг олдини олиш учун шахсий ва жинсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, организмдаги турли яллиғланишлар ҳамда умумий инфекцион касалликларни ўз вақтида даволатиш муҳим.