УРАН

УРАН — Қуёш системасига кирувчи 9 та сайёрадан бири; Қуёшдан узоқлиги бўйича 7сайёра. Астрономик белгисиб . Қуёшдан узоқлиги 19,19 астрономик бирлик (2872,0 млн. км)га тенг. Орбита эксцентриситета 0,047, орбитасининг эклиптика текислигига оғиши 0,77°. Қуёш атрофида тўла айланиш даври (сидерик ёки юлдуз айланиш даври) 30685 Ер суткасига (84,015 тропик йилга) тенг. Ураннинг кўринма юлдуз катталиги 6т га тенг бўлиб, дурбинда осон кўринади. Жуда катталаштириб диск ҳолида кўрилганда унда ҳеч қандай чизиқ ёки доғ борлиги сезилмайди. Ураннинг экваториал диаметри 52400 км ёки Ернинг 3,98 диаметрига тенг. Массаси Ер массасидан 14,56 марта катта; ўртача зичлиги 1,22 г/см3, ўз ўқи атрофида айланиш даври 17,2 соат. У. ни В. Гершель 1781 й. да кашф қилган. У. Қуёшдан анча узоқ жойлашгани учун ундан оладиган ёруғлик ва иссиқлик Ердагига нисбатан 370 марта кам, бироқ унинг ёруғлик қайтариш хусусияти сайёралар орасида энг юқори ҳисобланади. Ураннинг сферик альбедоси 0,93 га, геометрик альбедоси 0,57 га тенг. Ураннинг ички тузилишини назарий текширишдан шу нарса аниқландики, ташқи газ қобиғи водород (Н2), неон (Ne) ва метан (СН4) ва уларнинг умумий массаси сайёра тўла массасининг 10%ни, ички қисмининг купи сувдан иборат бўлган суюқ ядрони ташкил этади. Ураннинг 10 дан ортиқ йўлдоши маълум. Унинг энг ёруғ йўлдошлари — Титания ва Оберонларни 1787 й. да В. Гершель, камроқ ёрўғликдаги Ариель ва Умбриелни 1851 й. да У. Лаплас, Мирандани америкалик астроном Ж. Койпер 1948 й. да топган. 1977 й. да Уранда ҳалқалар борлиги аниқланди. (қ. Сайёраларнинг йўлдошлари).