УРАЛ ТИЛЛАРИ

УРАЛ ТИЛЛАРИ — финн-угор тиллари ва самодий тиллари оилаларини ўз ичига олган йирик тил бирлашмаси; мазкур тил оилаларини баъзи олимлар тил гуруҳлари деб хисоблайдилар; уларнинг қариндошлиги эса фин олими Э. Сеталя томонидан исботланган. Урал тиллари анча катта ҳудудда: шим. да — Норвегия шим. дан Таймир ярим оролигача, жан. да — Сербия, Венгрия ва Мордовия республикаларида тарқалган. Сибирь, қуйи Волга ва Кавказдаги айрим манзилларда ҳам финугор халқлари яшайди. Топонимика ва гидронимика маълумотлари баъзи финугор ва самодий халкларининг (кареллар, саамлар, комилар, вепслар, марийлар, мордвалар, мансилар ва б.) ўтмишда янада кенгроқ ҳудудда тарқалганлигидан дарак беради. Айрим Урал тиллари, мас, мерян, муром, мишчар, шунингдек, Саян тоғликларидаги кичиккичик қабилаларнинг тиллари (сойот, матор, койбал ва б.) аллақачон йўқ бўлиб кетган, камасин тили ҳам яқиндагина йўқолган.

Урал тиллари 2 та катта тармоққа (оилага): финугор тиллари ва самодий тилларига бўлинади. Финугор тиллари, ўз навбатида, 5 гуруҳга ажралади;

1) болтиқбўйифин гуруҳида фин, ижор, карел ва вепс тиллари шим. гуруҳчани, эстон, вод, лив тиллари жан. гуруҳчани ташкил этади;

2) волга гуруҳи — марий тили (барча лаҳжалари бн), мордва тиллари (эрзямордва, мокшамордва);

3) пермь гуру ҳи — удмурт, комизирян, комипермяк тиллари;

4) угор гуруҳи — ханти ва манси тиллари, венгер тили;

5) саам гуруҳи — ғарбий ва шарқий лаҳжали саам тили. Самодий тиллари анъанавий тарзда 2 тармоқ ёки гуруҳга бўлинади: шим. — ненец, нганасан, энц тиллари; жан. — селькуп ва (яқинда йўқолган) камасин тили.

Урал тилларининг кенг ҳудудда тарқалганлиги, бошқа халклар тилларининг таъсири бу тилларнинг турли сатхларида намоён бўлувчи катта типологик фаркдарнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Mac, пермь, угор, мордва ва марий тиллари агглютинатив тиллар бўлса, болтиқбўйифин, самодий тиллари, айниқса, саам тили сезиларли флектив хусусиятларга эга. Маълум бир гуруҳга мансуб тиллар ўртасидаги яқинлик даражаси бир хил эмас. Саам тили ўз хусусиятларига кўра болтиқбўйифин тилларига ўхшаб кетсада, бу гуруҳга киритилмайди. Волга гуруҳидаги тилларнинг ўзаро фарклари анча сезиларли. Ханти тилининг айрим лахжалари бир тилнинг лаҳжаларидан кўра кўпроқ мустақил қариндош тилларга ўхшайди.

Урал тиллари ўз келиб чиқишларидаги умумийликни кўрсатувчи белгиларни намоён этади: умумий луғавий қатламлар, сўз ўзгартирувчи ва сўз ясовчи қўшимчаларнинг шаклий яқинлиги, эгалик суффиксларининг мавжудлиги, ишҳаракатнинг амалга ошишидаги давомийлик, кўп марталиликни ёки онийлик, бир марталиликни билдирувчи суффиксларнинг куплиги ва б. Шу билан бирга, айрим ҳоз. Урал тиллари сезиларли узига хослик б-н ажралиб туради: ундош фонемалар миқдори адабий пермь тилларида 26 тага етса, фин тилида улар борйуғи 14 та. Урал тилларида урғунинг хусусияти ҳам бир хил эмас: биринчи, охирги ва ундан олдинги бўғинда боғлиқ ҳолдаги урғулар учрайди. Унлиларга ва дифтонгларга бой бўлган тиллар (мас, фин тили), шунингдек, турлитуман ундошлари кўп, лекин дифтонглари оз булган тиллар (пермь тиллари) ҳам бор. Келишикларнинг умумий сони 3 тадан (ханти тили)23 тагача (венгер тили) етади. Ўтган замон феъллари тизими типологик жиҳатдан бирбирига ухшамайди. Фин ва эстон тилларидаги утган замон тизими латиш тилидаги билан бир хил бўлса, марий ва пермь тилларидаги айни шу тизим татар ва чуваш тилларидагига ўхшашдир. Ненец ва мордва тилларида майл тизими ривожланган бўлса, бошқаларида асосан шарт майли намоён бўлади. Кўпчилик Урал тилларида инкор махсус инкор феъллари бн, мордва, угор, венгер ва эстон тилларида эса инкор юкламаси оркали ифодаланади.

Синтаксис соҳасидаги тафовутлар анча сезиларли. Болтиқбўйифин, саам, венгер, мордва ва комизирян тилларида ҳиндевропа тиллари — швед, немис, рус тилларининг, айниқса, эргаш гапли қўшма гаплар тузилишида анча кучли таъсири бор; самодий, угор ва қисман удмурт, марий тилларида эса ушбу тиллар синтаксисини туркий тилларники б-н яқинлаштирувчи баъзи архаик белгилар сакланиб крлган. Айрим Урал тиллари узок, тарихий ривожланиш мобайнида бошқа халклар тиллари таъсирига учраган, бу таъсир излари асосан лексикада, қисман грамматик қурилишда сезилади.

Урал тиллари жуда қад. ёзма ёдгорликларга эга эмас, қад. ёзма ёдгорликлар венгер тилида 1200-й. атрофида, карел тилида 13а. да, қад. коми тилида 14-а. да, фин ва эстон тилларида 16-а. да, бошқа финугор тилларида эса 17-а. охири — 18-а. бошларида яратилган. Ҳоз. урал халк,ларида ёзув тизими анча нотекис ривожланган. Узок, адабий анъанага эга бўлган тиллар (венгер, фин, эстон тиллари) билан бир каторда ёзуви яхши ривожланмаган (ненец, ханти, манси тиллари) ва ёзувсиз ёки ёзуви эндигина шаклланаётган (вод, вепс ва б.) тиллар ҳам мавжуд. Урал тилларини, айниқса, финугор тилларини ўрганиш қад. анъаналарга эга. Венгрия, Финляндия, РФда, шунингдек, ГФР, АҚШ, Швеция, Норвегия, Франция ва Японияда ушбу тилларни ўрганиш бўйича йирик марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Ад.: Основы финноугорского языкознания. Т. 13. М., 197476; Хайду П., Уральские языки и народы, пер. с венг., М., 1985.