УНГУР

УНГУР — гумбаз шаклидаги шипли ва оғзи кенг, унча чуқур бўлмаган ғор; тор йўлакдан сўнг ғорнинг кенгайган қисми; эриган сувлар оқиб чиқиб кетадиган муз тили учидаги чуқур. Йирик Унгур баландлиги 100 м ча бўлади, эни бир неча 100 м га етиши мумкин. Унгур, асосан, тоғ жинсларининг ер ости, кам ҳажмда денгиз сувлари таъсирида эришидан юзага келади. Тектоник ёриқлардаги буткул тўлиб қолмаган бўшлиқлар ҳам Унгур деб аталади. Унгурда кўп ҳолларда боксит, фосфорит, гипс ва ҳ. к. тўпланади. Унгурлар қурилиш ишлари (йўл қуриш, газ ва нефть қувурлари ўтказиш) га салбий таъсир кўрсатади. Унгурдан саноат чиқиндиларини кўмиб ташлаш, нефть ва б. ни саклаш учун сиғим сифатида фойдаланилади. Баъзи Унгурлар туризм объекти ҳисобланади. Ўзбекистонда Туркистон, Нурота, Чатқол тоғларида кенг тарқалган. Павильон кўринишидаги сунъий Унгурлар 17 — 18-а. ларда Европа боғпарк меъморлигида кенг урф бўлган.