УМАР

УМАР ибн ал-Хаттоб ал-Форуқ (тахм. 585—644) — дастлабки тўрт халифадан иккинчиси (ҳукмронлик йиллари 634—644). Исломни тахм. 616 й. қабул қилган. Муҳаммад (сав)нинг яқин сафдошларидан бири, у олиб борган барча жангларда қатнашган. Абу Бакр ўлимидан аввал Умарни ўз ўрнига тавсия этган. Умарнинг халифалик даврида ислом Ироқ, Сурия, Миср, Ливияга тарқалди. Эрон ҳудудлари халифаликка қўшилди. Араб-мусулмон салтанати таркиб топа бошлади. Унинг даврида барча асосий маъмурий-ҳуқуқий муассасалар, аввало солиқ-ўлпон тизими тузилди. Мусулмонлар жамоаси тез орада руҳонийлар идора этадиган давлатга айланди. Бу ҳол У. халифа унвонига биринчи бўлиб қўшимча амир ал-мўминин (мўминлар ҳукмдори) унвонини қабул қилишида ҳам ифодаланди. Умар янги мусулмон йил ҳисоби — ҳижрий йил тақвимини жорий этди. Суннийлар тарихий анъанасида Умар рисоладагидек ҳукмдор, яъни тақводор, мусулмонларга нисбатан адолатли, душманларга бешафқат инсон сифатида таърифланади. Унинг даври исломнинг «олтин асри» деб улуғланади. У. Муҳаммад (сав) нинг Мадинадаги қабри ёнига дафн этилган.